Ссылки доступа

Урал авиакомпаниясининг рейсларини юзлаб тожикистонлик йўловчилар аэропортларда кутмоқда (видео)


Застрявшие пассажиры в аэропорту Душанбе

“Ural Airlines” авиакомпаниясининг Россиядан Тожикистонга ва ортга парвозлари кечикиши юзлаб йўловчиларнинг Душанбе, Москва ва бошқа шаҳарлар аэропортларида қолиб кетишига сабаб бўлди.

Авиакомпания вакиллари вазиятни Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари оқибатлари билан изоҳламоқда. Сўнгги икки ҳафта ичида Сибир ва Урал ҳаво йўллари рейсларининг бекор қилиниши ва кечиктирилиши тожик муҳожирларида хавотир уйғотди.

Хатлон вилоятининг Жайҳун туманида яшовчи Жамшед Нозимов 19 март куни Москвага учиши керак эди, бироқ ҳамон Душанбе халқаро аэропортида ўтирибди. Уни ва яна ўнлаб йўловчиларни Тожикистон пойтахтидан Москвага олиб кетадиган самолёт ҳали Россиядан етиб келмаган ва қачон келиши ҳам номаълум.

«Мана уч кундан бери аэропортда тунаяпмиз. 22 март куни бизга жўнаб кетиш кечки соат бешда амалга оширилишини айтишди, лекин рейснинг ҳали дараги йўқ. Рейсни амалга оширсин ёки чипта пулини қайтариб беришсин», дейди у.

22 март куни «Озоди» радиоси мухбирлари Душанбе аэропортига ташриф буюриб, Россияга учишини кутаётган йўловчилар оломонини кўрди. Уларнинг орасида аёллар ва болалар ҳам бор эди, баъзилари аэропортдаги ўриндиқларда ёки тўғридан-тўғри юкларида ухлаётган эди.

«Урал ҳаво йўллари»нинг Тожикистондаги вакили Умеджон Лолаев Озоди радиосига Европада рўйхатдан ўтган самолётлар санкциялар туфайли парвозлардан олиб ташланганини айтди. «Самолётларимиз Россияда қайта рўйхатдан ўтказилади, бошқа кечикишлар бўлмайди», — дея ишонтирди Лолаев.

Россиянинг Украинага асоссиз ҳужумидан сўнг Ғарб давлатлари Москвага нисбатан қаттиқ санкциялар жорий қилди. Ушбу санкциялар туфайли аввалроқ Сибир авиакомпаниясининг Тожикистонга парвозлари тўхтатилган эди.

Душанбе халқаро аэропортидаги онлайн таблога кўра, 21 март куни амалга оширилиши керак бўлган “Ural Airlines” авиакомпаниясининг олтита рейсларидан фақат биттаси – Москвадан Тожикистон пойтахтига амалга оширилган. Бешта рейс бекор қилинди: Екатеринбург ва Челябинскдан биттадан, Москванинг Жуковский аэропортидан учта рейс.

22 март куни эрталаб «Урал ҳаво йўллари»нинг Уфа, Самара, Екатеринбург ва Москвадан учаётган рейслари Душанбе халқаро аэропортига етиб бориши керак эди, бироқ ҳозирча уларнинг ҳеч бири Душанбега етиб бормаган.

Йўловчилар нафақат Тожикистон аэропортларида қолиб кетишди. Россиядаги бир қанча тожик муҳожирларининг Озоди радиосига айтишича, улар 2-3 кундан бери маҳаллий аэропортларда Тожикистонга учишларини кутишмоқда.

“Ural Airlines” компанияси Тожикистон ва Россия ўртасидаги йўловчи ҳаво транспорти бозорида муҳим ўрин тутади. Ушбу авиакомпания хизматларига талаб Sibir Airlines (S7 Airlines) 5 март куни «қўйилган чекловлар туфайли парвозлар дастурини қисман қисқартирганидан» кейин ошди. Парвозларнинг кечикиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ бу ҳолат Тожикистон фуқароларининг Россияга меҳнат миграцияси учун жўнаб кетиш мавсумининг энг қизғин палласида юзага келган.

Десятки таджикских мигрантов застряли в Навруз в аэропорту "Жуковский"
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:00:29 0:00

XS
SM
MD
LG