Ссылки доступа

Қирғизистонда суд Next TV телеканали директорини ҳибсда қолдирди


24 март куни Бишкек шаҳар суди Next TV телеканали директори Таалай Дуйшембиевга нисбатан эҳтиёт чорасини кўриб чиқди.

Суд биринчи инстанция қарорини ўзгартирмади ва Дуйшембиевни ҳибсда қолдирди. Аввалроқ Первомайский туман суди уни 3 майгача ҳибсда сақлаган эди.

Таалай Дуйшембиевнинг ўзи суд қарорини «сиёсий буюртма» деб баҳолади.

Шунингдек, 24 март куни Первомайский туман суди прокуратуранинг Next TV телеканалида намойиш этилган материални экстремистик деб топиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиши керак эди. Телеканал асосчиси ва сиёсатчи Равшан Жеенбековнинг Озодликка айтишича, шаҳар судидаги жараён туфайли туман судидаги мажлисга ўз вақтида келишнинг имкони бўлмаган, шу сабабли навбатдаги мажлис 28 мартга белгиланган.

3 март куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Next TV телеканалига нисбатан миллий адоватни қўзғатиш айби билан жиноий иш қўзғатди. Тергов маълумотларига кўра, телеканал «Қозоғистон разведка хизматининг собиқ раҳбарига ишора қилиб, Украина ҳудудида махсус операция давомида Қирғизистон Республикаси томонидан Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича гўёки эришилган келишув ҳақида ёлғон маълумот тарқатган.»

Телеканал директори Таалай Дуйшембиев ҳибсга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 330-моддаси («Ирқий, миллий, миллий, диний минтақалараро адоватни (нифоқ) қўзғатиш») бўйича иш қўзғатилиб, 5 март куни суд уни икки ой муддатга ҳибсга олди.

XS
SM
MD
LG