Ссылки доступа

Қирғизистонда адвокат Нурбек Тўхтақунов 5 суткага ҳибсга олинди


25 март куни эрталаб махсус кучлар томонидан қўлга олинган адвокат Нурбек Тўхтақунов беш суткага Бишкекнинг Первомайский тумани Ички ишлар бошқармаси вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда унинг адвокати Раззоқ Ашимбаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Первомайский тумани ИИБ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида энг зарур шароитлар ҳам яратилмаган. Бишкек ИИББ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида эса бинолар таъмирланмоқда. Шу муносабат билан адвокат суд қарорини бекор қилишни сўраган. Ҳимоя сўрови ҳали кўриб чиқилмаган.

Адвокат Тўхтақуновни ҳибсга олиш ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бош бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилганини таъкидлади.

Первомайский тумани ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар беришича, 17 март куни Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси биноси ёнида 7-8 киши иштирокида тинч митинг бўлиб ўтган. Йиғилганлар орасида Нурбек Тўхтақунов ҳам бўлган. «Йиғилганлар суд ҳокимияти вакилларини ҳақорат қилган. Натижада Қирғизистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 126-моддаси «Кичик безорилик» бўйича баённома тузилди», — дейилади полиция хабарида.

24 март куни Бишкекнинг Первомайский туман суди Тўхтақуновни Жиноят кодексининг 126-моддаси («Кичик безорилик») бўйича айбдор деб топди ва уни беш суткага ҳибсга олишга қарор қилди. Тўхтақунов суд залидан Первомайский туман ички ишлар бошқармасига олиб кетилган, бироқ кейинроқ қўйиб юборилган.

Тўхтақуновга нисбатан иш суд жараёнида ҳибсдаги ҳуқуқ фаоллари манфаатларини ҳимоя қилган танқидий баёнотлари учун очилган.

17 март куни Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси яқинида Украинани қўллаб-қувватлаш митингида ҳуқуқ фаоллари Ондуруш Тўқтонасиров, Динара Ошурахунова ва Азиза Абдирасулова қўлга олинган. Улар суд томонидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг «Майда безорилик» моддаси бўйича оқланган, бироқ бошқа модда – «Ички ишлар органи ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик» бўйича жаримага тортилган.

XS
SM
MD
LG