Ссылки доступа

Украинадан 6 мингдан ортиқ ўзбекистонлик эвакуация қилинди – ТИВ


Ўзбекистон фуқароларини Украинадан эвакуация қилиш ҳали якунланмаган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили хабар қилди.

2022 йил 23 март куни Украинадан Полшанинг Катовице аэропорти орқали 146 нафар Ўзбекистон фуқароси, шу жумладан 42 нафар аёл, 12 нафар вояга етмаган шахс ва 2 нафар чақалоқ олиб келинди.

28 февралдан 24 мартга қадар 27 та авиарейс ташкиллаштирилди ҳамда ҳарбий ҳаракатлар кечаётган ҳудудлардан 6 030 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанига қайтарилди.

«Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси (вақтинча Лвов шаҳрида жойлашган) мамлакатимизнинг Полшадаги элчихонаси билан биргаликда ватандошлар билан доимий алоқада бўлиб, уларни эвакуация қилиш ишларини мувофиқлаштирмоқда»,- дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўзбек дипломатлари Украинадан 6 мингга яқин кишини эвакуация қилишга муваффақ бўлганини маълум қилганди. 17 март ҳолатига кўра, 300 га яқин Ўзбекистон фуқароси мамлакатда қолган ва уларни олиб чиқиш хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар туфайли қийинлашган. ТИВ раҳбари Украинадан эвакуация қилишнинг мураккаблигини ўзбекларнинг Суриядан олиб чиқилиши билан солиштирди.

XS
SM
MD
LG