Ссылки доступа

БМТ Бош Ассамблеяси яна Украинадаги урушни тўхтатишни талаб қилди


БМТ Бош Ассамблеяси Украинанинг тинч аҳолиси ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилишни ҳамда мамлакатдаги урушни зудлик билан тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди.

24 март, пайшанба куни Бош Ассамблея томонидан тасдиқланган ҳужжат қонуний кучга эга эмас ва фақат маслаҳат характерига эга.

193 аъзо давлатдан 140 таси резолюцияни ёқлаб овоз берди. Россия билан бирга тўрт давлат – Сурия, Беларус, Шимолий Корея ва Эритрея «қарши» овоз берди, 38 давлат бетараф қолди.

Резолюцияда Россиянинг Украинага қарши душманлик ҳаракатларини, хусусан, тинч аҳолига қарши ҳужумларини зудлик билан тўхтатиш талаби бор. Ҳужжат фуқароларни, тиббиёт ходимларини, гуманитар соҳа ходимларини, шунингдек, журналистларни ҳимоя қилиш зарурлигига ишора қилади.

Матнда бир ой аввал Украинага ҳарбий босқин бошланганидан кейин «даҳшатли» гуманитар вазият яратган Россияга кескин танқидлар келтирилган.

Бош Ассамблея март ойи бошида маъқуллаган шунга ўхшаш резолюцияда ҳам Россиядан Украинада куч ишлатишни тўхтатиш талаб қилинган. Ҳужжатни 141 давлат қўллаб-қувватлади ва худди шу давлатлар 24 мартдаги каби унга қарши чиқди.

Украина ва Ғарб давлатлари Москвани тинч аҳолига қарши тартибсиз ҳужумлар, касалхоналар ва бошпана каби нишонларга ҳужум қилишда айблайди. Москва буни рад этади.

XS
SM
MD
LG