Ссылки доступа

Қирғизистон ва Қозоғистон чегарада юк машиналарининг тўпланиб қолишига йўл қўймасликка келишиб олди


Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Арзибек Кожошев Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов билан музокаралар ўтказди.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабарига кўра, видеоконференсалоқа орқали ўтган музокаралар чоғида томонлар ўзаро юк ташиш, жумладан, Қирғизистон ҳудудидан Қозоғистон ва Россияга йўловчи юк машиналарининг ўтишини муҳокама қилишган.

Қайд этилишича, суҳбат якунлари бўйича икки мамлакат ҳукуматлари вакиллари Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида, хусусан, Қозоғистон Республикаси ҳудудида оғир юк автомобилларининг тўпланиб қолишининг олдини олишга келишиб олган. Бундан ташқари, «ҳисобга олинмаган товарларни олиб кириш ва олиб чиқишнинг олдини олиш, шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактуралар мавжуд бўлмаган тақдирда ушбу автотранспорт воситаларини Қирғизистон Республикаси ҳудудига қайтариш тўғрисида» келишувга эришилди.

Хулоса ўрнида маълум бўлишича, томонлар «ўзаро юк ташиш соҳасида юзага келаётган муаммоларни мониторинг қилиш ва тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида» ҳар ойда бундай музокаралар ўтказиш ниятида.

Аввалроқ Қирғизистонда Қозоғистон чегарасида товарларни текширишда муаммолар борлигини маълум қилган эди. Юк ташувчилар Қозоғистон божхоначилари назорат-ўтказиш пунктларида «асоссиз» текширувлар ўтказаётганини маълум қилди. Хусусан, “Оқ-Тилек-йўл” назорат-ўтказиш пунктида катта навбатлар юзага келгани ҳақида хабар берилган эди.

Жогорку Кенеш депутатлари ҳар икки республиканинг ЕОИИга аъзолигини ҳисобга олиб, қўшни давлат органлари ҳаракатларининг қонунийлиги ҳақида сўрашди. Кейинроқ икки давлат ҳукуматлари вакиллари учрашувлар ўтказиб, реал вақт режимида чегарадаги вазиятни кузатиб бориш, ташилаётган товарларни электрон ҳисоб-фактуралар билан таъминлашга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИ) 2010 йилда Беларус, Қозоғистон ва Россиянинг божхона иттифоқи сифатида ташкил этилган. 2015 йилда Қирғизистон ва Арманистон ташкилотга аъзо бўлди. ЕОИИга аъзо мамлакатлар учун фуқаролар, товарлар ва капиталнинг эркин ҳаракатланиши, шунингдек, божхона тўсиқларининг йўқлиги қоидалари мавжуд.

XS
SM
MD
LG