Ссылки доступа

Расман: Ўзбекистон Россияга маҳсулотларни Европага божсиз чиқариб беришга ваъда бермаган


Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Москвага Россия товарларини Европага олиб чиқиш учун божсиз коридор сифатида хизмат кўрсатиш таклифини киритган эмас ва бу борада Россия матбуотида тарқатилган хабарлар асоссиздир. Бу ҳақда вазирлик 25 март куни расмий баёнот тарқатди.

Аввалроқ Россия ҳукуматига қарашли Новости агентлиги Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори Улуғбек Қосимхўжаевга таянган ҳолда, Тошкент Москвага Россия товарларини Европага олиб чиқиш учун божсиз коридор сифатида хизмат кўрсатишни таклиф қилаётганини хабар берганди.

Агентликнинг ёзишича, Қосимхўжаев Ўзбекистон Европа билан савдо-сотиқ қилишда "GSP+" имтиёзига эга эканини ва Москва бу имтиёздан фойдаланган ҳолда ўз маҳсулотларини Ўзбекистон орқали бож тўловларисиз Европага олиб чиқиши мумкинлигини айтган.

“Яқинда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тизимида иш бошлаган У.Касимходжаев “РИА Новости” нашри журналистининг саволига жавоб берганида "GSP+" тизимининг афзалликлари ва имтиёзларини қўллашнинг амалий жиҳатлари ва механизмларидан тўлиқ хабардор эмас эди. У ўзининг ваколатлари доирасига кирмайдиган ушбу соҳа бўйича етарли малакага эга эмас ҳамда бу йўналиш бўйича баёнотлар беришга ваколатли эмас.


Шу муносабат билан, У.Касимходжаевнинг изоҳи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ушбу масала бўйича расмий позицияси эмаслигини маълум қиламиз”,-дейилади вазирлик 25 март куни тарқатган баёнотда.

Ўзбекистон 2021 йилнинг апрелида Европа Иттифоқининг “GSP+” тизимига аъзоликни қўлга киритган эди. Мазкур тизим доирасида Ўзбекистон Европага уч мингга яқин турдаги маҳсулотни божхона тўловисиз, 3200 турдаги маҳсулотни эса пасайтирилган ставкадаги бож тўловлари асосида экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлган.

Россия Украинага қарши 24 февралда уруш очганидан бери халқаро ҳамжамият, жумладан, Ғарб давлатларининг асосий кўпчилиги Москва билан иқтисодий-сиёсий алоқаларни узган. Россияга Ғарб томонидан кўплаб санкциялар жорий этилди. Бунинг ортидан Россиянинг Европа давлатларига маҳсулот экспорт қилиш ёки Ғарбдан импорт қилиш имкониятлари ўта чекланди.

XS
SM
MD
LG