Ссылки доступа

Ўзбекистон Россия товарларини Европага олиб чиқишда божсиз йўлак бўлиб хизмат қилиш таклифини бермаган


Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Россия товарларини Европага олиб чиқишда божсиз йўлак бўлиб хизмат қилиш таклифи билан Москвага мурожаат қилмаган ва бу ҳақда Россия оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар асоссиз. Бу ҳақда вазирликнинг 25 мартдаги расмий баёнотида айтилади.

Аввалроқ Россиянинг ҳукуматпараст «РИА Новости” нашри Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги директори Улуғбек Қосимхўжаевнинг Тошкент Москвага Россия товарларини Европага экспорт қилиш учун божсиз йўлак таклиф қилаётгани ҳақида айтган изоҳи юзасидан маълумот тарқатган эди.

Агентлик хабарига кўра, Қосимхўжаев Ўзбекистонда Европа билан савдода Европа Иттифоқининг кенгайтирилган “GSP+” имтиёзлар тизими мавжуд ва Москва бу имтиёздан ўз маҳсулотларини Ўзбекистон орқали Европага божхона тўловларисиз экспорт қилишда фойдаланиши мумкинлигини айтган.

«Яқинда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тизимида иш бошлаган У.Қосимхўжаев РИА Новости нашри журналистининг саволига изоҳ берар экан, имтиёз ва преференцияларни қўллашнинг амалий жиҳатлари ва механизмларини тўлиқ билмаган. У ушбу соҳада етарлича ваколатга эга эмас, бу унинг масъулият соҳасига кирмайди ва ушбу мавзу бўйича баёнот бериш ҳуқуқига эга эмас», дейди вазирлик.

Шу муносабат билан вазирлик У.Қосимхўжаевнинг изоҳи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ушбу масала бўйича расмий позицияси эмаслигини маълум қилди.

2021 йил апрель ойида Ўзбекистон Европа Иттифоқининг “GSP+” тизимига аъзо бўлди. Мазкур тизим доирасида Ўзбекистон Европага 3000 номга яқин маҳсулотни божхона тўловларисиз, 3200 номдаги маҳсулотни эса пасайтирилган божхона тўловлари асосида экспорт қилиш ҳуқуқига эга. 24 февраль куни Россия Украинага уруш эълон қилганидан бери халқаро ҳамжамият, жумладан, аксарият Ғарб давлатлари Москва билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларини узди. Ғарб Россияга қарши кўплаб санкциялар киритди. Оқибатда Россиянинг Европа давлатларига маҳсулот экспорт қилиш ёки Ғарбдан импорт қилиш имкониятлари кескин чекланган.

XS
SM
MD
LG