Ташкилотнинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда фуқароларнинг Бишкекда тинч йиғилишга бўлган қонуний ҳуқуқларини чекловчи қарорларни бекор қилиш талаб этилади.
Халқаро ташкилот, шунингдек, Қирғизистон ҳукуматини 2021 йилда кучга кирган ноҳукумат ташкилотлар тўғрисидаги қонунни бекор қилишга чақирди.
Федерация ҳуқуқ ҳимоячилари Азиза Абдирасулова, Динара Ошурахунова, Ондуруш Токтонасйров ва уларнинг адвокати Нурбек Тўхтақунов ўз қонуний фаолиятини эркин ва таъқиблар таҳдидисиз амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлайди.
1922 йилда ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан 200 га яқин инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси ҳисобланади.
5 март куни бир гуруҳ фуқаролик фаоллари Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида Россиянинг Украинадаги урушига қарши норозилик намойиши ўтказди. Улардан бири Мирлан Асакеев милиция ходимлари томонидан қўлга олиниб, Жиноят кодексининг «Милиция ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик» моддаси бўйича 3000 сом миқдорида жаримага тортилди.
7 март куни эса айнан шу ерда россияпарастларнинг ҳам митинги бўлиб ўтди. Иштирокчиларнинг ҳеч бири ҳибсга олинмаган.
16 март куни Первомайский туман суди Бишкек полициясининг Россия элчихонаси, парламент ва ҳукумат бинолари яқинида, шунингдек, марказий майдонда 11 мартдан 11 апрелгача митинглар ўтказишни тақиқлаш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирди.
17 март куни ҳуқуқ ҳимоячилари Ондуруш Тўқтонасиров, Динара Ошурахунова ва Азиза Абдирасулова Украинадаги агрессияни тўхтатиш талаби билан элчихона олдида норозилик акцияси ўтказди. Улар милиция томонидан ҳибсга олинган. Кейинроқ суд уч кишини 3000 сом (30 доллардан ортиқ) миқдорида жаримага тортди.
24 март куни Первомайский туман суди судьяларни ҳақорат қилишда айбланиб, уч нафар ҳуқуқ ҳимоячисининг адвокати Нурбек Тўхтақуновни беш суткага қамоққа ҳукм қилди. 28 март куни шаҳар суди туман судининг қарорини ўз кучида қолдирди. У 25 мартдан бери ҳибсда.