Аввалроқ радио бошловчиси Любов Панова ўз изоҳларида Россиянинг Украинага бўлган тажовузига рози бўлмаганлар ҳақида қўпол сўзларга йўл қўйган ва “Вова амаки»ни «ёрдам учун» чақиришини ёзган эди. Интернетнинг қозоғистонлик сегментининг айрим фойдаланувчилари буни февраль ойида Украинага кенг кўламли бостириб кириш бошланган қўшни Россия раҳбарига мурожаат сифатида кўришди.
Любов Панова ишлаган «Европа плюс Казахстан», ходимининг ижтимоий тармоқдаги шахсий аккаунтларида билдирган позицияси «радиостанция сиёсатига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» айтди. Бугун радиостанция Инстаграмдаги саҳифасида «радио бошловчиси билан меҳнат муносабатлари тўхтатилгани» ҳақида маълум қилди.
Олмаота полицияси «Жиноят кодексининг 174-моддаси – «Миллий адоватни қўзғаш» бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. «Судга қадар тергов ишлари Олмаота шаҳар полиция департаменти Тергов бошқармаси терговчиларига топширилди. Тегишли экспертиза тайинланди, уларнинг натижаларига кўра якуний процессуал қарор қабул қилинади», — деб ёзди 28 март куни Олмаота полиция департаменти раҳбари ўринбосари Рустам Абдраҳмонов Фейсбукдаги саҳифасида.
28 март куни Қозоғистон Бош прокуратураси миллий адоватни қўзғатиш, хорижий давлат ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга чақириш, бундай низоларда қатнашиш, шунингдек, Қозоғистон ҳудудий яхлитлигини бузишга оммавий чақириқлар учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди.
Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Булат Дембаевнинг мурожаатида айтилишича, февраль ойидан бери ижтимоий тармоқларда «Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги зиддият»га оид постлар ва шарҳлар фаол чоп этилмоқда. Қайд этилишича, «айрим ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари, жумладан, Қозоғистон фуқаролари ҳам бўлаётган воқеаларни очиқчасига изоҳлаб, мамлакат ҳудуди яхлитлигига оид сепаратистик чақириқларни жойлаштирмоқда». Прокуратура фуқароларни «бундай провокацион баёнот ва мурожаатларга берилмасликка» чақирди.