Ссылки доступа

Афғонистонда аёллар ва эркаклар бир вақтда хиёбонларга бориши тақиқланди


Иллюстративное фото

Афғонистонда аёллар ва эркаклар хиёбонларга бир вақтда бориши тақиқланди. Мамлакат ҳукуматини қўлга олган «Толибон» ҳаракати шундай тартиб жорий қилган.

«Аёллар дам олиш ва кўнгилочар масканларга якшанба, душанба ва сешанба кунлари ташриф буюриши мумкин, эркаклар учун эса чоршанба, пайшанба, жума ва шанба кунлари ажратилган», — дейилади ҳужжатда.

Афғон аёллари «ҳижоб ўраш қоидасига риоя қилган ҳолда, боши, бўйни ва сочларини яширган ҳолда истироҳат боғларида ҳордиқ чиқариши мумкин», деди вазирлик. Шунингдек, аёлларга «бегона одамлар билан мулоқот қилишдан сақланиш» буюрилган.

Эркаклар дам олиш кунларида жамоат жойларига борганларида ҳарбий кийим ва қурол киймаслик тавсия этилади. Мазкур қоидалар бузилган тақдирда истироҳат боғлари маъмурияти жавобгарликка тортилади, бундай ҳолатлар устидан шикоят қилиш мумкин эмас, дейилади вазирлик хабарида.

Бундан ташқари, Reuters хабарига кўра, 26 март куни толиблар авиакомпанияларга мактуб йўллаб, эндиликда аёлларнинг ички ва халқаро рейсларга эркак эскортисиз учиши тақиқлангани ҳақида хабар беришган. Ички манбаларга кўра, ўша куни баъзи афғон аёллари самолёт бортига киритилмаган.

Толибон гуруҳи вакиллари Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида қўлга киритган эди. Улар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ниятида эканликларини қайта-қайта таъкидладилар, лекин охир-оқибат турли кескин чекловлар жорий қилди ва буни давом эттирмоқда. Шундай қилиб, толиблар Афғонистонда аёлларнинг спорт билан шуғулланишини тақиқлаб, мактаб ва олий ўқув юртларида фақат эркаклардан алоҳида, юз ва баданларини тўлиқ қоплайдиган кийим-кечаклари бўлсагина ўқишларига рухсат берган.

Мамлакатдаги барча аёл журналистлар ва бошловчилар бошларини ёпиб экранга чиқишлари шарт эди, шунингдек, аёлларнинг теледастурларда чиқиши ҳам тақиқланди. Афғонистоннинг Ғазни вилоятида шифокорларга ҳар бир учрашувга эркак ҳамроҳлик қилмаса, аёлларни даволаш тақиқланган.

Толибон ҳайдовчиларга ҳижобсиз аёлларни олиб юришни, шунингдек, 72 километрдан ортиқ масофани босиб ўтмоқчи бўлган афғон аёлларини эркак кузатувисиз машинага ўтказишни тақиқлаган.

Бундан ташқари, шу ойда Толибон олтинчи ва ундан юқори синфларда ўқийдиган қизлар учун мактабларни ёпди. Таълим муассасалари бир неча соат ишлади, шундан сўнг талабалар учун навбатдан ташқари таътил эълон қилинди. Сабаби қизлар учун ислом қонунлари ва маҳаллий урф-одатларга асосланган ўқув дастури ишлаб чиқилиши кераклиги билан изоҳланди.

XS
SM
MD
LG