Бу тўғрида Кремль расмий сайти маълум қилди.
Хабарда таъкидланишича, ҳукумат, Россия банки ва “Газпром” “газ учун тўланадиган ҳақ валютасини ўзгартириш” масаласида қатор чора-тадбирларни ишлаб чиқиши лозим ва бу ҳақда ойда бир марта Путинга ҳисобот берадилар.
Ғарб давлатлари ҳозирча газ учун рублда ҳақ тўлашга тайёр эмаслигини билдирмоқда. Франция президенти Эммануэль Макрон, жумладан, амалдаги шартномаларда ҳақ евро ва долларда тўланиши қайд этилганини, рубль ҳақида гап йўқлигини айтди.
Словения бош вазири Янез Янша Путиннинг бу кўрсатмасига нисбатан яна-да кескинроқ фикр билдирди ҳамда “Европада рубль қандай кўринишда эканини ҳам ҳеч ким билмайди”, деб айтди.
Россия гази ва нефтидан бош тортиш чақириқлари кучайиб бораётганига қарамай, Европа Иттифоқидаги қатор давлатлар, жумладан, Германия айни пайтда бу ишни амалга ошириш имкониятлари мавжуд эмаслигини билдирди. Аммо ЕИ Россия гази қарамлигидан қутилиш режасини ишлаб чиқмоқда ва яқин бир неча йил ичида Россия гази қарамлигидан қутилиши эҳтимоли мавжуд.