Ссылки доступа

Россиянинг ҳарбий босқинида Украинанинг йўқотишлари миқдори $ 560 миллиарддан ошди


«564,9 миллиард доллар. Украина Россия босқинидан кўрган бир марталик йўқотишлар айнан шундай», — деб ёзди Украина бош вазирининг биринчи ўринбосари Юлия Свириденко ўзининг Facebookдаги саҳифасида.

Унинг аниқлик киритишича, бу миқдор нафақат жанговар ҳаракатлар пайтидаги вайронагарчиликдан кўрилган тўғридан-тўғри зарарни, балки уруш натижасида мамлакат иқтисодиётидаги вазиятнинг ёмонлашиши оқибатларини ҳам ўз ичига олади.

Шундан: 119 млрд — инфратузилмани йўқотиш; 112 миллиард — 2022 йилда ЯИМнинг йўқолиши; 90,5 миллиард тинч аҳолининг йўқотишлари; 80 млрд — корхона ва ташкилотларнинг зарарлари; 54 миллиард — Украина иқтисодиётига тўғридан-тўғри сармояни йўқотиш; 48 миллиард — давлат бюджетининг йўқотишлари.

Свириденконинг айтишича, жанговар ҳаракатлар натижасида транспорт инфратузилмаси, фуқаролар ва ташкилотлар мулкига катта зарар етказилган. Охирги бир ой ичида 8 минг км дан ортиқ йўллар, ўнлаб бекат ва вокзаллар, портлар ва аэропортлар шикастланган ва вайрон бўлган. Свириденконинг сўзларига кўра, украиналиклар 10 миллион квадрат метр уй-жой, 200 минг автомобиль йўқотган, яна 5 миллион киши озиқ-овқатсиз қолган.

Юлия Свириденко рақамлар кундан-кунга ортиб бораётганини таъкидлади. «Шунинг учун биз Россиядан етказилган барча йўқотишларни қоплашини талаб қиламиз. Бунга суд қарори билан ҳам, Россия Федерациясининг музлатилган активларини Украинага ўтказиш орқали ҳам эришиш мумкин», — деди у.

Свириденконинг фикрича, шу йўл билан Россия Федерацияси «Украинадаги ўз жиноятларининг тўлиқ оғирлигини ҳис қилади».

Россия ҳарбий босқинининг бир ойдан ортиқ вақт давомида Украинанинг айрим йирик шаҳарларини, жумладан Мариупол ва Харковни деярли бутунлай бомбардимон қилди ва мамлакат инфратузилмасини вайрон қилди.

Европа Иттифоқи Украинага етказилган зарарни қоплаш учун махсус механизм яратиш имкониятини ўрганмоқда. Bloomber маълумотларига кўра, музлатилган Россия активлари маблағлари мамлакатни тиклаш учун ишлатилиши мумкин.

Ғарб давлатлари Россия олтин-валюта захираларининг ярмини музлатиб қўйди, бу тахминан 300 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Россиянинг Украинадаги «махсус ҳарбий операцияси» бошланганидан бери ЕИ Россиянинг йирик компаниялари, шунингдек, Россия расмийлари, тадбиркорлари ва банкирларига таъсир кўрсатган бир қанча санкциялар пакетини киритди. Италия, хусусан, россиялик олигархларнинг 800 миллион евродан ортиқ маблағларини музлатиб қўйди. Нидерландия Марказий банки Россиянинг 200 миллион евролик активларини музлатиб қўйди. Франция ҳам Россия банкининг 22 миллиард евро миқдоридаги маблағларини музлатиб қўйди.

24 февралда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланди. Шу кунгача ҳар икки томондан юзлаб одамлар ҳалок бўлди. Украина қурбонлар орасида ўнлаб аёллар, болалар ва қариялар борлигини хабар қилмоқда. Урушни тугатиш бўйича олиб борилган музокаралар ҳали сезиларли натижа бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG