Ссылки доступа

Ўзбекистонликлар учун Тожикистонда рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддати узайтирилиши мумкин


Ўзбекистон фуқароларининг Тожикистонда рўйхатдан ўтмасдан қолиш муддатини 10 кунгача узайтириш режалаштирилмоқда.

Мамлакатлар ҳукуматлари ўртасидаги фуқароларнинг ўзаро саёҳатлари тўғрисидаги 2018 йил 9 мартдаги келишувга тегишли ўзгартиришлар 28 март куни мамлакат парламенти қуйи палатаси томонидан қабул қилинди.

Имзоланган протоколга кўра, фуқароларнинг икки давлат ҳудудида вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддати — 10 кунгача узайтирилади. Илгари бу муддат 3 кун эди.

«Бир томоннинг давлати фуқаролари иккинчи томоннинг ҳудудига кираётган пайтдан бошлаб 10 (ўн) иш куни мобайнида яшаш жойидаги давлатнинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш ва вақтинча рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан озод қилинади», — дейилади Тожикистон парламенти сайтида.

Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари «Фуқароларнинг ўзаро саёҳатлари тўғрисида»ги келишувга кўра, қўшни давлат ҳудудида 30 кунгача визасиз бўлишлари мумкин.

Март ойи ўрталарида Тожикистон ва Ўзбекистон ер усти ўтказиш пунктларини тўлиқ очди. Кириш учун Ўзбекистон томони COVID-19 га қарши эмлаш паспорти/сертификатлари, у бўлмаган тақдирда эса 72 соатдан кўп бўлмаган муддатга электрон QR кодли ПЗР тести салбий натижаси бўлган сертификатнинг бўлишини талаб қилади.

«Азия-плюс» хабарига кўра, томонлар қўшма чегарадаги барча чегара ўтказиш пунктлари ишини тиклаган. Тожикистон республика штаби чегара пунктлари ишини нормал режимга ўтказди.

XS
SM
MD
LG