Ссылки доступа

Қирғизистон Россияни 2022 йилда навбатдаги «миграция амнистияси»ни ўтказишни кўриб чиқишга чақирмоқда


Жогорку Кенеш Торагаси Талент Мамитов Россия томонини 2022 йилда Қирғизистон Республикаси фуқаролари учун Россия Федерациясидан навбатдаги «миграция амнистияси»ни ўтказиш имкониятини кўриб чиқишга чақирди.

Бу ҳақда у 29 март куни Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашувда маълум қилди. Қирғизистон парламенти матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат Олмаота шаҳрида (Қозоғистон) Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо Давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси Кенгашининг тантанали йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида Жогорку Кенеш спикери Қирғизистон Россия томонининг Қирғизистон Республикасидан мунтазам қатновларга қўйилган чекловларни бекор қилиш қарорини олқишлашини таъкидлаб, қирғизистонликларнинг Россияга автомобиль ва темир йўллар орқали киришига қўйилган чекловларни бекор қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Шу билан бирга, Талант Мамитов қирғиз халқи учун миграция талабларини енгиллаштириш талабини билдирди.

Ўз навбатида, Валентина Матвиенко Талант Мамитов билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда Қирғизистон Республикасидан келган талабаларни Россия олий ўқув юртларида бюджет асосида ўқитиш ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирларини Россия Федерациясининг «қора рўйхати»дан чиқариш бўйича таклифлар киритилганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, бу масалаларнинг барчаси кўриб чиқиш учун Россия ҳукуматига юборилган.

Охирги расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг 1 миллион 118 минг фуқароси хорижий давлатларда меҳнат қилади, улардан бир миллиони Россияда. Қирғизистон Республикаси Миллий банки маълумотларига кўра, 2021 йилда мигрантлар Қирғизистонга 2,7 миллиард доллар ўтказган. Бу кўрсаткичлар 2020 йилга нисбатан 16 фоизга ошди.

2022 йил февраль ойи ҳолатига кўра, 76 мингга яқин қирғизистонликларнинг Россияга кириши тақиқланган. Аммо мутахассисларнинг айтишича, «қора рўйхат»да маълум қилинганидан кўп одам бор.

XS
SM
MD
LG