Ссылки доступа

Қирғизистон Миллий банки доллар курсининг пасайиши фонида бозордан 5,4 миллион долларга сотиб олди


Қирғизистон Миллий банки сўнгги тўрт йил ичида биринчи марта валюта бозорига доллар сотиб олиш учун интервенция йўли билан чиқди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.

Айирбошлаш курсидаги кескин тебранишларни юмшатиш учун 5,4 миллион доллар харид қилинди.

Миллий банкнинг қайд этишича, амалдаги сузувчи валюта курси режимида валюта курсининг динамикаси ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бундан ташқари, Қирғизистон Республикаси Миллий банки ички валюта бозорини қаттиқ тартибга солувчи орган эмас ва валюта курсларидаги тенденцияларни белгиламайди, банк фақат валюта курсидаги кескин ўзгаришларни юмшатишни мақсад қилган.

Қирғизистонда долларнинг қадрсизланиши давом этмоқда. Ўтган кун давомида унинг Миллий банк томонидан белгиланган сомга нисбатан расмий курси 6,73 фоизга пасайди.

29 март куни расмий курс 94,2 сом этиб белгиланган бўлса, 30 март куни у 87,9 сомга тушди. Шу билан бирга, евро (6,79 фоиз) ва рубль (6,75 фоиз) сомга нисбатан қадрсизланди. Қарийб икки йилдан бери 85 сом атрофида турган доллар курси 24 февраль куни Россия Украинага бостириб кирганидан бери ўсиб бормоқда.

Қирғизистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи долларга нисбатан белгилангани сабабли қимматлашди.

XS
SM
MD
LG