Ссылки доступа

Транспорт полицияси Олмаота аэропорти ва полиция биноларига уюштирилган ҳужумда гумонланувчининг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди


Расмий Казинформ агентлиги Қозоғистон ИИВ Транспорт полицияси департаменти бошлиғи Ўнал Бекиевга таяниб, тергов гуруҳи видеокузатув камераси тасвирлари асосида гумонланувчининг шахсини аниқлаганини маълум қилди.

Бекиевнинг хабарида қўлга олинган гумонланувчи 24 ёшли Олмаота шаҳрида яшовчи, Жамбил вилоятида туғилган фуқаро эканлиги аниқланган.

Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи 5 январь куни «бошқа тартибсизлар билан қурол дўконидан қурол ўғирлаб, Олмаота аэропортига ҳужум уюштирган, сўнг шериклари билан Олмаота шаҳар полиция бошқармаси биносига борган ва эрталаб соат 6 га қадар полиция бўлими биносини қуршаб олган. Гумонланувчи ўғирланган қуролларни номаълум шахсга 40 минг тенгега сотган», — дейди Бекиев. Ҳибсга олинган гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Январь ойи бошидаги воқеаларда, мамлакатни қамраб олган турмуш даражасининг пасайиши туфайли оммавий норозилик намойишлари натижасида бир қанча вилоятларда босқинлар уюштирилиб, маъмурий бинолар ёндирилган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, камида 230 киши ҳалок бўлган. Январь воқеалари бўйича ҳибсга олинган яна камида саккиз киши вақтинчалик ҳибсхоналарда ҳалок бўлди.

Қозоғистон расмийлари воқеани «террор хуружи» деб атаган, мамлакат президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев «20 мингга яқин шахни террорчи» деб эълон қилган, аммо ишончли далиллар келтирмаган. Январь воқеалари пайтида ва ундан кейин минглаб одамлар қўлга олинди, юзлаб одамлар терроризм, тартибсизликлар, қурол ўғирлаш ва бошқа жиноятларда гумон қилиниб ҳибсга олинди.

Ҳибсга олинганларнинг аксарияти ҳибсда қийноққа солинганини айтди. 14 март куни коррупцияга қарши кураш хизмати қийноқлар қўллангани ҳақидаги иддаолар бўйича 234 та жиноий иш тергов қилинаётганини маълум қилди. Ушбу қийноқ ҳолатлари доирасида Миллий хавфсизлик қўмитасининг саккиз нафар ходими ва бир полициячи ҳибсга олинган. Улар орасида Олмаота вилояти полиция департаменти биносида темирдан фойдаланиб, қийноққа солганликда гумон қилинаётган полициячи ҳам бор.

Қозоғистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиларининг январь воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказиш ҳақидаги чақириқларини рад этди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch халқаро ташкилоти Нур-Султонни халқаро экспертларга январь воқеаларини текширишга рухсат ва уларга барча мавжуд маълумотлардан фойдаланиш имкониятини беришга бир неча бор чақирган.

Январь воқеалари бўйича Олмаотада ўнлаб одамлар жиноий жавобгарликка тортилган. Камида етти нафари турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

XS
SM
MD
LG