Бу ҳақда Associated Press АҚШ маъмуриятидаги исми сир тутилишини истаган манба сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Маъмурият вакилига кўра, хусусан, Путиндан урушда муддатли ҳарбий хизматдаги аскарлар қатнашаётгани ва ҳалок бўлаётганига оид маълумотлар сир тутиляпти.
Россия президенти “махсус амалиёт”да фақат шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбийлар иштирок этаётганини аввалроқ бир неча бор айтган. Бироқ пировардида Мудофаа вазирлиги Украинада муддатли ҳарбий хизматчилар ҳам бўлгани, уларнинг бир қисми асирга тушганини тан олган. Вазирлик барча муддатли ҳарбий хизматчилар Россияга қайтарилганини билдирган.
Шунингдек, америкалик мулозим қайдича, Путиндан Ғарб санкциялари Россия иқтисодиётига етказаётган ҳақиқий зарар кўламини ҳам яширишга ҳаракат қилишмоқда. Associated Press манбаси Путиннинг теварагидаги мулозимлар “унга ҳақиқатни айтишга журъат эта олмаслиги”ни урғулаган. Бироқ, унга кўра, Путин ҳарбийлар жабҳадаги муаммоларни ундан сир тутишга уринаётганини сезган ва бу президент билан ҳарбий қўмондонлик ўртасидаги муносабатлар таранглашувига олиб келган.
Кремль мазкур хабар юзасидан изоҳ берганича йўқ.