Ссылки доступа

БМТ олий комиссари: Россия Украинага зарбалар беришда ҳарбий ва фуқаровий объектларни ажратмаяпти


Мариуполда Драмтеатр биноси

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет Россия Украинадаги жанговар ҳаракатларда ҳарбий ва фуқаровий объектларни фарқламасдан зарбалар бераётгани халқаро гуманитар қонунчиликка хилоф бўлиб, “ҳарбий жиноятлар саналиши мумкин”лигини билдирди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 30 март куни Женевада бўлиб ўтган йиғилишида Бачелет ўз идораси Россия тарафидан кассетали ўқ-дорилар қўлланган 24 та ҳолатни ўрганаётганини маълум қилган. Бачелет хонимга кўра, Украинадаги касалхоналар, сув таъминоти объектлари ва маъмурий бинолар ракета ва артиллерия зарбаларига учраган.

“Фуқаровий объектларнинг ёппасига вайрон этилиши ва тинч аҳоли орасида қурбонлар кўплиги ҳужум нишонларини фарқлаш, пропорционаллик ва эҳтиёткорлик каби тамал принципларга риоя қилинмаганини кўрсатмоқда”, деган БМТ олий комиссари.

Бачелет хоним украин халқи “мудҳиш воқеаларни бошидан кечираётгани”ни айтган. “Ҳарбий ҳаракатлар зудликда тўхтатилиши лозим” деган БМТ мулозимаси ўз нутқида Россияни “Бош ассамблея ҳамда Инсон ҳуқуқлари кенгаши чақириқларига қулоқ солиб, Украина ҳудудидан ўз қўшинларини дарҳол олиб чиқиб кетишга” чақирган.

БМТ маълумотига кўра, урушда 1000 дан ортиқ тинч аҳоли қурбон бўлган. Бироқ Украина расмийлари бундан анча катта рақамларни эълон қилишмоқда. Хусусан, улар биргина Мариуполда қарийб 5 минг киши нобуд бўлганини билдиришган. Украина шаҳарларида ва Киев вилоятида жуда кўп турар-жой бинолари вайрон қилингани айтилмоқда.

Кремль Россия армияси фақат ҳарбий объектларга зарба бераётганини иддао қилиб келади. Шунингдек, Россия расмийлари Украинани ўз ҳарбий техникаларини турар-жой бинолари яқинига жойлаштираётганликда айблашмоқда.

XS
SM
MD
LG