Ссылки доступа

Қирғизистон ТИВ раҳбари Россияга қарши санкциялар туфайли Қирғизистон иқтисодиётининг 10 фоизгача пасайиши мумкинлигини маълум қилди.


Айни пайтда Германияда Энергетика форуми сессиясида иштирок этаётган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбоев Deutsche Welle (DW) нашрига интервью берди.

Казакбоев журналистнинг Украинадаги уруш, Қирғизистоннинг Россия билан муносабатлари ва Қирғизистон иқтисодиёти учун эҳтимолий оқибатлари ҳақидаги саволларига жавоб берди.

Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар оқибатлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, вазир Қирғизистон «ўзининг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигидан жиддий хавотирда» эканини таъкидлади.

«Озиқ-овқат нархларининг жиддий ўзгариши аллақачон қайд этилган. Эртага қўшниларимиздан, асосан, Россиядан импорт қилинадиган энергия ташувчилар нархи қандай ўзгаришини билмаймиз. Мана шундай оғир даврда эса иқтисодиётимизни диверсификация қилиш учун барча имкониятларни ишга соляпмиз. [...] Аммо ҳозир бизнинг прогнозларимиз шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиёт 5-10 фоизга тушиши мумкин», — деди Казакбаев.

Шунингдек, у санкциялар туфайли Россия иқтисодиётининг қулаши Қирғизистондан келган меҳнат муҳожирлари учун қийинчиликларга айланиши мумкинлигини таъкидлаб, «умуман олганда, у ҳалокатли ўзгаришларни кутмаслигини», аммо Россияда ишлаётган қирғизистонликларнинг бир қисми аллақачон қайтиш «хоҳишини билдиришаётганини» қўшимча қилди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери оғир аҳволда бўлган Қирғизистон иқтисодиёти учун Россия ва Украина ўртасидаги инқироз янги зарба бўлди. 24 февраль куни Россия ўз қўшинларини Украинага олиб киргач, Қирғизистон Республикасида доллар курси кескин кўтарилиб, озиқ-овқат нархи кескин ошиб кетди. 24 март куни ҳукумат томонидан Инқирозга қарши чора-тадбирлар режаси қабул қилинган бўлиб, уни амалга ошириш учун бюджетдан 126 миллиард сом йўналтирилади.

XS
SM
MD
LG