Ҳуқуқни муҳофаза қилиш бошқармасининг иддао қилишича, 36 ёшли Шеров уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари билан бирга милиция ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан жароҳати етказган. Бироқ Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) фуқаролик фаоллари маҳбусни инсон ҳуқуқлари ва маҳаллий хавфсизлик кучларининг ўзбошимчаликлари учун фаол курашчи, деб ҳисоблайди.
Манучеҳр Шеровнинг онаси Фотима Имомназарова Озоди радиосига 31 март куни эрталаб ТБМВ ИИББдан қўнғироқ қилишиб, ўғлининг ҳибсга олингани ҳақида хабардор қилинганини тасдиқлади. «Менга уни кўришим мумкинлигини айтишди», дея қўшимча қилди у.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот марказининг 31 март куни эълон қилган хабарида айтилишича, хоруғлик фуқаро, 1986 йил 23 апрелда туғилган Шеров Манучеҳр Мисжитовичга нисбатан ТБМВ прокуратураси жиноят кодексининг 237 мооддаси 3 банди «а» ва 1 банди бўйича жиноий иш қўзғатган.
«Юқорида қайд этилган шахслар 2021 йил 14 ноябрь куни соат 13:30 ларда Хоруғ шаҳридаги уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Маҳмадбокир Маҳмадбокиров, Жамшед Шабонов ва бошқалар билан биргаликда Хоруғ шаҳридаги “Тирчид” маҳалла фуқаролар йиғини постида ходимларга болта билан ҳужум қилган. 2021 йил 9 декабрь куни Шеровга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у расман қидирувга берилган эди.
Маҳмадбокир Маҳмадбокиров Озоди радиоси билан телефон орқали суҳбатда милиция ходимлари билан тўқнашув бўлганини тасдиқлади, бироқ уларда болта бўлмаганини таъкидлади.
Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, ТБМВ прокуратураси айбланувчи Шеровга расман тўрт марта чақирув қоғози юборган, бироқ у «атайлаб кўрсатма беришдан қочган».
ТБМВ фуқаролик фаоллари давлат хавфсизлик ва милиция ходимларини ўзбошимчалик ва ноқонуний ҳаракатларда айбламоқда. Расмийлар бу айбловни рад этади.