Ссылки доступа

Қирғизистоннинг собиқ президенти Атамбаев суддан тез ёрдам машинасида олиб кетилди


4 апрель куни Бишкекнинг Первомайский туман суди 2020 йил октябрь воқеалари бўйича ишни кўриб чиқиши керак эди.

Учрашувга собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам келтирилди. Унинг адвокати Замир Жоошевнинг айтишича, Атамбаев судга мажбуран олиб келинган. Собиқ президент журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Кейинроқ Атамбаев ўзини ёмон ҳис қилаётганини маълум қилган ва унга тез ёрдам чақирилган. Суд жараёни 5 апрелга кўчирилди.

23 март куни собиқ президент Алмазбек Атамбаев машинадан тушиб, суд жараёнида иштирок этишдан бош тортган Қўй-Тош воқеалари бўйича ишни кўриш учун Первомайский туман судига мажбуран олиб келингани хабар қилинган эди. Унинг адвокати Замир Жўшевнинг айтишича, «Жазони ижро этиш хизмати ходимлари Алмазбек Атамбаевни ички кийимидан судраб камерадан олиб чиқиб кетишган ва уни мажбуран автозакка ортишган».

Эртаси куни собиқ президентнинг олдига Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази ходимлари ва Омбудсман ўринбосари ташриф буюриб, собиқ президентнинг қўл ва оёқларида кўкаришлар топилганини маълум қилди.

Шундан сўнг президент Садир Жапаров ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида судьялар ва прокурорларга мурожаат қилиб, Алмазбек Атамбаевга қарши суд жараёнини очиқ режимда ўтказиш ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг мажлисларга қатнашишига рухсат беришни сўради. Шунингдек, у «ўзи суд жараёнларидан ўтгани, лекин ҳеч қачон қаршилик кўрсатмагани ва ҳар доим суд мажлисларида иштирок этгани»ни ёзган.

2011-2017 йилларда Қирғизистон Республикаси президенти лавозимида ишлаган Алмазбек Атамбаев 47-сонли колонияда сақланмоқда. У Қўй-Тош воқеалари бўйича қўзғатилган жиноят иши судланувчиси ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG