Ссылки доступа

Европа Иттифоқи давлатлари россиялик дипломатларни чиқариб юборади


Посольство России в Берлине
Посольство России в Берлине

Германия Россиянинг Берлиндаги дипломатик миссиясининг 40 нафар ходимини персона нон грата деб эълон қилди. Уларнинг барчаси Германия ҳудудини тарк этиши керак.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бурбок бу қарорни изоҳлар экан, дипломатлар «ҳар куни эркинликка қарши ва жамият бирлигига қарши ишлаганликларини» айтди.

Бурбок шунингдек, Киев чеккасидаги Буча шаҳри кўчаларида ўлганларнинг суратлари Россия раҳбариятининг украиналикларга нисбатан ақл бовар қилмайдиган шафқатсизлиги ҳақида гапираётганини таъкидлади.

ТИВ раҳбари Москвага қарши санкцияларни ҳамда Украина армиясини қўллаб-қувватлашни кучайтиришга ва НАТОнинг шарқий йўналишини мустаҳкамлашга ваъда берди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарованинг «Интерфакс»га айтишича, 40 нафар россиялик дипломатнинг Германиядан чиқариб юборилиши жавобсиз қолмайди. Германияда жами 104 нафар россиялик дипломат аккредитациядан ўтган.

Франция ҳам Россия дипломатик ваколатхоналари ходимларини қайтариб юборишга қарор қилди. Франция матбуотига кўра, 30 га яқин фуқаро мамлакатни тарк этиши керак. Париж русларнинг фаолияти Франциянинг хавфсизлик манфаатларига зид, деб ҳисоблайди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Парижга жавоб чоралари ҳақида маълум қилди.

Аввалроқ, 4 апрель, душанба куни Литва Россия билан дипломатик муносабатлар даражасини пасайтиришга қарор қилган эди. Вилнюс Москвадаги элчисини чақириб олади ва Россия элчисига Литвани тарк этишни буюради.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Литва расмийларининг ҳаракатларини ўта душманлик ва икки томонлама муносабатларни бузишга қаратилган ҳаракат деб атади. Литванинг ортидан Латвия ҳам худди шундай қарорни эълон қилди.

2 апрель оқшомида Киевнинг бир ойдан ортиқ вақтдан бери рус ҳарбийлари томонидан босиб олинган Буча чеккасида ўнлаб, балки юзлаб тинч аҳолининг жасади топилгани ҳақида хабарлар кела бошлади. Украина қўшинлари Россия армияси олиб чиқиб кетилгандан кейин шаҳарни эгаллашди. Шундан сўнг, тармоқларда шаҳарнинг баъзи кўчалари том маънода ҳалок бўлганларнинг жасадлари билан тўлиб кетганлигини тасвирланган кадрлар пайдо бўлди.

Ўлганлар фуқаролик кийимида. Улардан баъзилари отишма пайтида ҳалок бўлган, аммо фотосуратларда қўллари боғланган одамларнинг жасадлари ҳам кўрсатилган. Украина расмийлари Россия армиясини тинч аҳолини ўлдиришда айбламоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги тинч аҳолини ўлдириш ҳақидаги барча айбловларни рад этди. Департамент баёнотида айтилишича, барча фотосуратлар ва видеолар провокация ва «Киев режими томонидан Ғарб оммавий ахборот воситалари учун уюштирилган». Вазирликнинг таъкидлашича, рус қўшинлари 30 март куни Бучадан олиб чиқилган.

XS
SM
MD
LG