Ссылки доступа

Сурхондарёда Айиқтовоннинг янги тури кашф этилди


Ўзбекистонда сўнгги 80 йилда илк бор Айиқтовон туркумига кирувчи янги тур кашф этилди, деб хабар берди Фанлар Академияси.

Расман билдирилишича, Фанлар Академияси Ботаника институти олимлари томонидан Сурхондарё вилоятининг Бойсун тоғларидан топилган янги турга “Ranunculus tojibaevii” деб ном берилди.

“Ўзбекистон флорасида Айиқтовон (Ranunculus) туркумига мансуб бўлган энг охирги янги тур 1941 йилда аниқланган бўлиб, “Ranunculus vvedenskyi” деб номланган”,-дейилади билдирувда.

Мазкур янги тур тўғрисидаги илмий мақола ботаника соҳаси бўйича машҳур “PhytoKeys” журналида чоп этилган.

2021 йилнинг майида Ўзбекистон олимларидан иборат илмий экспедиция Фарғона водийсининг шимолий қисмидги Қирғизистонга чегарадош ҳудудда олиб борилган дала тадқиқотларидан бирида шу кунгача фанга номаълум бўлган янги ёввойи пиёз турини топгани тўғрисида хабар қилинган эди.

Фанлар академияси янги топилган ўсимлик бўйича тадқиқотлар олиб борилаётганини,тадқиқот якунланганидан сўнг Ботаника институти Ўзбекистон флораси лабораторияси ҳамда Ўзбекистон Миллий гербарийси томонидан унга ном берилишини ҳам билдирганди.

XS
SM
MD
LG