Ссылки доступа

Озиқ-овқат тақчиллигини бошдан кечираётган Туркманистон Россияга мева-сабзавот экспортини кўпайтирмоқчи


Туркманистон Украинага бостириб кирганидан сўнг ғарб санкцияларига дучор бўлган Россияга мева-сабзавот экспортини кўпайтиради. Бу ҳақда маҳаллий ҳукуматдаги манбаларига таянган ҳолда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, жумладан, Қорақум туманидаги парникларда етиштирилаётган савбзавотлар ҳажмини кўпайтириш ва Россияга экспорт қилиш масаласи 1 март куни ўтган йиғилишда муҳокама қилинган.

Расмийлар сифатли мева-сабзавотни Россияга экспорт қилиб, сифатсизроқларини ички бозорда сотиш борасида фикр алмашган.

23 март куни ҳам Озодлик радиоси туркман хизмати Мари вилояти расмийлари деҳқонларга Россияга мева-сабзавот, шакар, гўшт ва бошқа маҳсулотларни жўнатишни кўпайтириш режаси борлигини билдиришган.

Ғарб санкциялари ортидан Россияда озиқ-овқат маҳсулотларининг бир қатор турлари тақчиллашди. Бунинг оқибатида Россия қўшни давлатлардан экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига жорий этилган айрим фитосанитар нормаларни бекор қилди. Масалан, 5 мартда “Россельхознадзор” Россияга Туркманистондан помидор олиб кирилишига қўйилган чекловни бекор қилган.

Айни пайтда бир неча йилдан бери Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги кузатилиб келинади. Шаҳарлар аҳолиси давлат дўконларидан арзон нархда озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун ярим кечадан бошлаб навбатларга туриши аввалроқ хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG