Ссылки доступа

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири: тошқинда нобуд бўлган суғурталанмаган чорва моллари учун компенсация тўланмайди


Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеевнинг айтишича, агар ҳайвонлар суғурта қилинмаган бўлса, чорвалари сув тошқинида нобуд бўлган фермерларга товон пули берилмайди. Бу ҳақда вазир 4 апрель куни парламент мажлисида журналистларга маълум қилди.

- Суғурталанмаган чорва моллари учун товон тўлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Суғурталанмаган чорва моллари учун давлат зарарни тўламайди», — деди Карашукеев. Вазирнинг сўзларига кўра, товон пули тўланмаганига қарамай, нобуд бўлган чорва молларининг ҳисоби сақланади.

2020 йил кузидан Қозоғистонда чорва молларини суғурталаш тизими жорий қилинган. Қонунга кўра, агар чорва моллари юқумли касалликдан ёки табиий фавқулодда ҳолат натижасида нобуд бўлса, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги унинг эгасига товон тўлайди.

Ветеринария назорати қўмитаси раиси Асқар Жакупбоевнинг айтишича, чорвасини олдиндан суғурта қилган фермерлар тўловни олишга умид қилишлари мумкин.

Жорий йилда Қозоғистоннинг шимолий ва ғарбий ҳудудларида шаҳар ва қишлоқлар кўчаларини, шунингдек, аҳоли хонадонларини сув босиши кузатилмоқда. Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги сув тошқини оқибатида камида 600 киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди, 100 бошдан ортиқ чорва моллари нобуд бўлди. Қўшни Ақтўбе вилоятида дарёлардан чиққан сув вилоят маркази — Ақтўбе шаҳрининг айрим қишлоқлари билан алоқани узиб қўйди, 31 мартдан буён деярли барча туманларда кўчаларни сув қоплаган.

XS
SM
MD
LG