Ссылки доступа

Қўшма Штатлар Россияга Ғарбда музлатилган маблағлардан давлат қарзини тўлашни тақиқлади


Душанба куни АҚШ Молия вазирлиги Россияга қарши санкциялар доирасида Ғарб ҳисобларида музлатилган пуллар орқали давлат қарзини тўлашни тақиқлади. Бу ҳақда 5 апрель куни Reuters агентлиги хабар берди.

4 апрель, душанба куни Россия умумий қиймати 636 миллион долларлик облигацияларни қайтариши керак эди. Вашингтон тақиқлашдан олдин, Москва блокланган ҳисоблардан тўловларни амалга ошириши мумкин бўлган. Энди Россия қарзини Қўшма Штатлар ва Европа давлатлари чеклаб қўймаган захирадан тўлаши керак бўлади.

Янги чекловлар Москвага нисбатан кучайтирилган санкцияларнинг бир қисми сифатида киритилган. «Россиянинг қимматли доллар захираларини тугатиш ёки дефолт қилиш ўртасида танлов қилишига тўғри келади», — деди АҚШ молия вазирлиги вакили. Унинг сўзларига кўра, қарз тўловлари Россия бюджетидаги бошқа харажатлар моддалари, жумладан, армияни молиялаштиришни қисқартиришга ёрдам беради.

The Bell нашрининг ёзишича, Россия Марказий банкининг 380 миллиард долларгача молиявий активлари Ғарб ҳисобларида блокланиши мумкин. Россия Молия вазирлиги бу миқдорни 300 миллиард долларга баҳоламоқда, бу Россиянинг санкциялар жорий этилишигача бўлган валюта захираларининг ярмига тенг. 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, норезидентлар Россия давлатининг евробондларида тахминан 20 миллиард долларга эгалик қилишган.

5 март куни Россия президенти Владимир Путин «нодўст давлатлар» кредиторларига валюта қарзларини рус рублида тўлашга рухсат берувчи фармонни имзолади. Агар бундай тўлов шартномада кўзда тутилмаган бўлса ва кредиторлар рублга рози бўлмаса, бу ҳам дефолтни англатади. Бу, биринчи навбатда, Москванинг хориждан қарз олишга қодир эмаслигига ва Россияга қарши суд жараёнларига олиб келади.

XS
SM
MD
LG