Ссылки доступа

Манбалар: тожикистонлик блогер Шоҳида Мамажонованинг онаси «Гуруҳ 24» билан ҳамкорлик қилганини тан олди


Шохида обвиняется в сотрудничестве с «Группой 24»

Тожикистонда фаолияти тақиқланган «Гуруҳ 24» билан ҳамкорликда айбланаётган Шоҳида Мамажоновага нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергови якунланди.

45 ёшли Шоҳида Мамажонованинг яқинлари у 3 февраль куни Ваҳдат милициясига чақирилгани ва уйига қайтмаганини айтишган. Уларнинг сўзларига кўра, яқинлари Шоҳид қаерда сақланаётганини билишмаган. Орадан бир неча кун ўтиб Шоҳиданинг яқинлари унинг қаердалигини аниқлашни сўраб, президент маъмурияти, Бош прокуратура ва Омбудсманга хат йўллаган. 8 февраль куни кечқурун Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Шоҳида Мамажонова «тергов ҳибсига олингани»ни тасдиқлади.

4 апрель куни Озоди радиоси манбаси Шоҳида Мамажоновага нисбатан жиноий иш бўйича тергов якунлангани, иш Душанбе шаҳри Исмоили Сомоний туман судига юборилганини айтди. Иш бўйича суд мажлиси 7 апрелга белгиланган, дея қўшимча қилди манба.

Тожикистон расмийлари Шоҳида Мамажонова ишига изоҳ бермаяпти. Бироқ исми сир қолишини сўраган хабардор манбаларнинг айтишича, Мамажонова мамлакатда фаолияти тақиқланган гуруҳ билан ҳамкорлик қилганликда айбига иқрор бўлган. Айбланувчининг мобил телефонидан «Гуруҳ 24» билан ҳамкорлик далили топилган, дейди манба.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шоҳида Мамажонованинг мобил телефони 3 ой давомида Ваҳдат шаҳрида ИИВ ходимларида бўлгани хабар қилинганди. Аёл 3 февраль куни қўлга олинган — ўша куни у телефонини олиш учун Ваҳдат ИИБга борган. Иқрорномалар қандай олингани номаълум.

Блогер Шерзод Мамажонов Озоди радиосига аввалроқ ҳукуматга яқин одамлар онасини қамоқдан озод қилиш шартлари ҳақида гапирганини айтди. «Онамни, биринчидан, Тожикистонга қайтиш, иккинчидан, қилган ишимдан пушаймон бўлиш шарти билан қўйиб юборишларини айтишмоқда. Бу ҳақда ҳокимият вакиллари ўзларининг Facebook ва YouTubeдаги сохта саҳифаларида ёзишган», — дейди у.

Шоҳида Мамажонова 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Мамажонов ҳозир Германияда истиқомат қилади, у бир неча бор расмийларнинг ҳижобга оид ҳаракатларини танқид қилган. Аввалроқ у онаси Шерзодни ватанига қайтишини талаб қилиб, бир неча бор милицияга чақирилганини маълум қилган.

Шерзод Мамажоновнинг 4 апрель куни Озоди радиосига айтишича, онаси ҳибсга олинганидан икки ой ўтиб, қариндошларидан бирортасига ҳам уни кўришга рухсат берилмаган. Аввалроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маҳбуснинг яқинлари билан учрашиши учун барча шароитлар яратилганини маълум қилганди. Шоҳида Мамажоновага адвокат берилганми ёки йўқми, номаълум.

2014 йил кузида «Гуруҳ 24» Тожикистон Олий суди томонидан экстремистик деб топилиб, мамлакатда фаолияти тақиқланган эди. Бу мухолиф гуруҳ 2012 йилда Россияда Умарали Қувватов ва Шарофиддин Гадоев томонидан тузилган. «Гуруҳ 24»нинг ўнлаб тарафдорлари Тожикистон ҳукумати талаби билан хорижда, жумладан, Россия, Беларус ва Туркияда ҳибсга олинган.

Инсон ҳуқуқлари ва мухолифат ташкилотлари Тожикистон ҳукуматини мамлакатдаги мухолифат вакилларини таъқиб қилаётгани учун бир неча бор танқид қилган. Расмий Душанбе бу танқидни рад этади.

XS
SM
MD
LG