Ссылки доступа

Қозоғистонда мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилган пулларни қайтариш бўйича комиссия тузилди


Қозоғистон ҳукумати мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилган пулларни қайтариш бўйича комиссия тузди. Ҳужжат Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов томонидан имзоланган.

«Ушбу ишчи гуруҳ маблағларнинг чиқиб кетишини таҳлил қилиб, хориждан мамлакатга капитал қайтарилишини рағбатлантириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқиш, чеклов чораларини қўллаш ва олиб қўйилган капитални қайтариш чораларини кўрмоқда», — дейилади ҳукумат сайтидаги баёнотда.

Вазирлар Маҳкамаси рағбатлантириш чораси сифатида олинган валюта тушумларининг 80 фоизини конвертация қилиш шарти билан ҚҚСни соддалаштирилган тартибда қайтаришни таклиф қилмоқда. Норезидентларга дивидендлар тўлашда солиқ имтиёзларини бекор қилиш, тегишли норезидент шахслар томонидан кўрсатилган номоддий хизматлар учун чегирмаларни чеклаш каби чекловчи чоралар кўриб чиқилмоқда.

Комиссия собиқ президент Нурсултон Назарбоев оиласи томонидан хорижга ўтказилган маблағлар масаласини кўриб чиқадими, деган саволга бош вазир ўринбосари Ерулан Жамабаев ва иқтисодиёт вазири Алибек Куантиров аниқ жавоб бермади. Уларга кўра, барча ҳолатлар комиссия томонидан аниқланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилади.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев 7 февраль куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида хориждан ноқонуний олиб чиқилган маблағларни мамлакатга қайтариш зарурлигини маълум қилди. Бироқ у бошқа тафсилотларни келтирмади. Бундан бир неча кун аввал “Ақ Жол” фракцияси депутати Мақсат Раманқулов «Солиқ адолати тармоғи» маълумотларига таяниб, сўнгги 25 йил ичида Қозоғистондан хорижий офшорларга тахминан 140-160 миллиард доллар ўтказилганини айтди. Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатдан ноқонуний олиб чиқиб кетилган маблағлар миқдори икки баравар кўп.

XS
SM
MD
LG