Галдаги мувофиқлаштирилган чеклов чоралари молия ташкилотлари фаолиятига ҳамда Россияга янги инвестициялар киритишга алоқадордир.
Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки янги санкциялар туркуми Москва тасарруфидаги урушни давом эттиришга имкон берувчи ресурсларни тугатишга қаратилганини билдирди.
АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг ўз молиявий мажбуриятларини бажаришини қийинлаштирувчи чораларни аввал ҳам қўллаган. Хусусан, Росссияга давлат қарзи бўйича доллардаги тўловларни АҚШ банкларидаги ҳисоблардан амалга ошириши тақиқлаб қўйилган эди.
Буюк Британия Ғарб мамлакатлари Россиянинг жами 350 миллиард доллардан ортиқ валюта захирасини музлатиб қўйганини билдирган. Бу сумма Россия валюта захираларининг қарийб 60 фоизини ташкил этади.
Европа Иттифоқи ҳисоб бўйича бешинчи санкциялар туркуми билан Россиядан нефть ва кўмир экспорти чекланишини, шунингдек Россия кемаларига Европа портларига кириш ман этилишини маълум қилган.
Янги санкциялар Украина шаҳарларида, президент Зеленскийга кўра, “Россия ҳарбийлари томонидан амалга оширилган ваҳшийликларга оид далиллар ошкор бўлиши” манзарасида жорий этилмоқда. Украина президенти 5 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаатида Кенгаш иштирокчиларини айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирган.