Мазкур савдо майдони орқали гиёҳванд моддалар, сохта ҳужжатлар сотилган, ноқонуний хизматлар кўрсатилган. “Гидра”даги савдо-сотиқнинг йиллик ҳажми, юзаки баҳоларга кўра, бир неча миллиард долларни ташкил этган. Германия полицияси қиймати тақрибан 23 миллион еврога тенг биткоинни мусодара қилишга муваффақ бўлган.
“Гидра” 2015 йилдан бери фаолият кўрсатиб келган, дўкон 2017 йилдан бошлаб оммалашиб кетган. Немис полицияси 2021 йил августидан бери кибержиноятларга қарши кураш агентлиги ҳамда АҚШ расмийлари билан биргаликда “Гидра” фаолиятига оид терговни юритиб келаётган эди. Онлайн дўкон ёпилиши ортидан кимлар ҳибс этилгани ёки қўлга олингани очиқланган эмас. Фойдаланувчилар Tor тармоғидан айни пайтда дўкон сайтига кириб бўлмаётганини айтмоқдалар.
Германия федерал полицияси баҳосига кўра, “Гидра” дунёдаги энг катта ноқонуний савдо майдони бўлган бўлиши мумкин. Биргина 2020 йилда бу ерда 1 миллиард 230 миллион евролик савдо қилинган. “Гидра” ёпилган пайтда сайтда 19 минг сотувчи ҳамда 17 миллионга яқин мижоз қайдга олинган эди.