Ссылки доступа

11 апрелдан Қозоғистон қуруқликдаги чегараларни кесиб ўтишга қўйилган чекловларни олиб ташлайди


Қозоғистон 11 апрелдан бошлаб ўз фуқаролари ва хорижликлар учун қуруқликдаги чегараларда ўрнатилган тақиқларни олиб ташлайди. Бу эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви билан боғлиқ.

Чекловлар Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан чегарадаги ўтказиш пунктларида олиб ташланади.

Шунингдек, Қозоғистон Республикаси давлат чегарасини ҳаво орқали кесиб ўтиш бўйича ҳам барча чекловлар олиб ташланади. Шу билан бирга, коронавирус учун ПЗР тестининг салбий натижаси билан сертификат ёки эмлашнинг тўлиқ курси тугаганлигини тасдиқловчи ҳужжат/паспортни, коронавирусга қарши ревакцинацияни мажбурий тақдим этиш талаби сақланиб қолади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаевдан «Қозоғистон Республикасининг қуруқликдаги чегарасини Қирғизистон Республикаси фуқаролари учун очиш масаласини ижобий кўриб чиқишни» сўраган эди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Жапаровнинг қуруқликдаги чегарани очиш ҳақидаги сўровига жавобан Қасим-Жомарт Тўқаев «тегишли давлат органларига ушбу масалани мазмунан кўриб чиқиш бўйича кўрсатма беришига ишонтирган».

Икки давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари 2020 йил баҳоридан бери ёпиқлигича қолмоқда. Қирғизистон фуқаролари қўшни давлатга фақат ҳаво эшиги орқали киришлари мумкин. Шу билан бирга, Қозоғистон фуқаролари Қирғизистон чегарасини бемалол кесиб ўтади, қозоғистонликларнинг кириши учун назорат-ўтказиш пунктида ҳеч қандай чекловлар йўқ.

Коронавирус пандемиясидан аввал Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги асосий назорат-ўтказиш пункти ҳисобланган «Ақ-Жўл» назорат-ўтказиш пунктидан ҳар куни 10 мингга яқин одам ва 1500 га яқин автомашина ўтган. Сайёҳлик мавсумида чегарани кесиб ўтган фуқаролар сони 35 минг нафарга, енгил автомобиллар сони эса 2,5 минг нафарга етди.

XS
SM
MD
LG