Ссылки доступа

UzAuto Россияга "экспортни тўхтатди"


Ўзбекистоннинг автомобил саноати монополиячиси UzAuto Motors Россия бозорига GM машиналари етказиб беришни тўхтатган. Бу ҳақда Eurasianet нашри хабар берди.

UzAuto Motors ишлаб чиқарадиган GM компаниясининг Chevrolet автомобилларида Жанубий Кореянинг яримўтказгичлари ва микросхемалардан фойдаланилади. Ўтган ой Жанубий Корея Россияга қарши Ғарб санкцияларига қўшилган.

Агар UzAuto Motors Россияга автомобиль етказиб беришда давом этса, Андижон шаҳри яқинида жойлашган завод зарур бўлган бутловчи қисмларсиз қолиши мумкин, - деб ёзди Euroasianet.

UzAuto Motors матбуот котиби Алексей Агуреев Озодлик билан суҳбатда Россияга автомобил етказиб бериш тўхтатилгани ҳақидаги хабарни тасдиқламади, аммо рад ҳам этмади.

“Бу ҳақда сизга ҳеч нарса айтолмайман, шу хабарни тарқатганларни ўзларига боғланганингиз маъқул”, - деди Агуреев Озодлик билан қисқа телефон суҳбатида.

GM нинг Детройтдаги вакили эса Euroasianet нашрига UzAuto Motors Россияга Chevrolet автомобилларини экспорт қилишни 9 март куниёқ тўхтатганини маълум қилган.

Россиянинг Украинага тажовузи туфайли ўрнатилган АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари қатор Ғарб ширкатларининг Россиядан чиқиб кетишига сабаб бўлди.

UzAuto Motors Россия бозорига GM машиналарини етказишни тўхтатгани ҳақидаги хабарлар ортидан тармоқ фойдаланувчилари ва айрим блогерлар автомобил нархлари тушишини башорат қилишди.

“UzAuto Motors машиналарини Россияга ўзимиздаги нархларга қараганда ўттиз фоиз арзонга экспорт қилиб келган. Биз эса ўзимизда чиққан машиналарни харид қилиш учун олдиндан қиммат нархда пул тўлаб, ойлаб кутамиз. Энди шу машиналар ўзимизни мижозларга сотилса навбатлар камайиб, нархлар тушармиди?”, - деб ёзди ўзбекистонлик блогер Нодир Ҳожиматов Телеграм саҳифасида.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса Ўзбекистон Россияга автомобил етказиб беришни тўхтатгани ҳақидаги хабарни “қувончли хабар” деб атади.

“UzAuto Motors учун Россия асосий экспорт бозорларидан бири ҳисобланади, циклик кризислар кузатилган аввалги йилларда (масалан, 2009, 2014-15) Россияда сотувларнинг тўхтатилиши ёки камайиши ҳар доим ички бозорнинг тўйиниши ва нархларни пасайиши каби ўзбекистонликлар учун вақтинчалик қувончларни келтирган”, - деб ёзди иқтисодчи Телеграм-каналида.

“Ўзавтосаноат” маълумотига кўра, Ўзбекистон 2021 йилда Россияга атиги 320 дона машина экспорт қилган.

Яримўтказгич ва микросхемалар етишмовчилиги сабаб Андижондаги заводда ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилда 2020 йилдагига қараганда қарийб 16 фоизга камайган.

2021 йилда Ўзбекистон 10 та давлатга 281, 8 миллион долларлик 28952 та автомобил экспорт қилган.

Ўзбекистондан энг кўп машина ҳарид қилган давлат эса Қозоғистондир. Ўтган йили Ўзбекистон Қозоғистонга 26 970 дона автомобил сотган.

Бу Ўзбекистон четга экспорт қилган машиналарнинг қарбийб 96 фоизини ташкил қилади.

Украина 448 та автомобил билан иккинчи, Россия эса 320 та автомобил билан учинчи ўринни эгаллаган.

2019 йилда эса Ўзбекистон автомобиль экспортининг 12 фоизи Россияга тўғри келган эди.

XS
SM
MD
LG