Ссылки доступа

Қозоғистонда «молиявий пирамида иши» бўйича айбланувчилардан бири ўз жонига қасд қилишга уринди


Ақтўбеда «молиявий пирамида иши» бўйича айбланувчилардан бири терговга норозилик сифатида ўз жонига қасд қилишга уринди. Бу ҳақда Озодлик радиосига айбланувчининг қариндошларидан бири хабар берди.

Полиция ва прокуратура айбланувчининг ўз жонига қасд қилишга уринганини тасдиқлади. 7 апрель куни пешин вақтида Жазони ижро этиш тизими департаменти маҳкумнинг ҳаёти хавф остида эмаслиги ҳақида хабар берди.

Хабарда айтилишича, 6 апрель куни Мейирхон Сактаганов Ақтўбе тергов изоляторига жойлаштирилган. Кейинроқ эса айбланувчи касалхонага олиб кетилган.

«Фойдали кредит» компанияси вакили Мейирхон Сактаганов Ақтўбеда пирамида тузиб, 33 миллиард тенге миқдорида зарар етказганликда айбланаётган 49 кишидан биридир.

Унинг рафиқаси Жанар Эсенжолованинг сўзларига кўра, февраль ойида эри терговчилардан иш бўйича ашёвий далиллар тақдим этишни талаб қилиб, бир ҳафталик очлик эълон қилган.

- Айбловлар жуда кўп. Бироқ терговчилар ашёвий далил (квартира, машина, ҳужжатлар) тақдим этмаяпти. Турмуш ўртоғим эътироз билдириб, бир ҳафта давомида ҳеч нарса емади», — деди Жанар Эсенжўлова. Расмийлар унга эрининг ҳаёти хавф остида эмаслигини айтишган.

Ўтган ёзда Ақтўбеда 17 мингдан ортиқ қозоғистонликни алдаганликда айбланган бир нечта «молиявий пирамидалар» вакиллари устидан суд бошланган эди. Айбланувчиларга «молиявий пирамида яратиш», «уюшган жиноий гуруҳ тузиш», «уюшган жиноий гуруҳ фаолиятида иштирок этиш», «фирибгарлик», «ноқонуний банк фаолияти билан шуғулланиш» каби бир қанча моддалар билан айблов эълон қилинди.

2020 йилдан бери Қозоғистоннинг турли минтақаларида бир нечта компанияларга сармоя киритган инвесторлар пулларини қайтариб ололмаганликларини айтиб, ёрдам сўраб расмийларга мурожаат қилишган. Омонатчилар компания офисига мурожаат қилиб, пулни қайтаришни талаб қилишган, аммо натижа бўлмаган.

Кейинроқ Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги «Гарант 24 Ломбард», «Фойдали кредит» и «ESTATE Ломбард» молиявий пирамидаси асосчиларига қарши ўнлаб жиноий иш қўзғатганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG