Ссылки доступа

НАТО Украина, Грузия ҳамда Босния ва Герцеговинага ёрдамни кучайтиради


Йенс Столтенберг
Йенс Столтенберг

НАТО давлатлари Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтиришга келишиб олдилар ва ҳозирданоқ мамлакатни қуролларнинг кенг ассортименти билан таъминламоқда. Бу ҳақда НАТО бош котиби Енс Столтенберг ҳарбий альянс мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши якунлари бўйича баёнот берди.

Столтенберг Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳарбий амалиётлари фонида Киев Ғарб давлатларидан қандай қурол турларини олишини ошкор қилмади.

НАТО давлатлари ҳам Грузия, Босния ва Герцеговинага ёрдамни оширишга келишиб олдилар.

Грузияга, хусусан, алоқа хавфсизлиги ва киберхавфсизлик соҳаларида ёрдам берилади. Босния ва Герцеговинага мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамловчи ёрдам пакети берилади.

Бугун «Катта еттилик» давлатлари Россия давлат тузилмаларига нисбатан қўшимча санкциялар қўллаш орқали босимни кучайтиришини эълон қилди.

Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши президент Владимир Путиннинг буйруғи билан 24 февраль куни бошланган. Киев Москвани фуқаролик инфратузилмасини атайлаб йўқ қилишда айблайди. Россия томони фақат ҳарбий объектларга ҳужум қилаётганини даъво қилмоқда.

Тўхтовсиз жанглар фонида томонлар музокаралар олиб бормоқда, бироқ улар натижа бермади. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтган йиғилишда илгари сурилган таклифларга нисбатан Украина тинчлик музокараларида ўз позициясини кескинлаштирганини айтди.

Музокараларда Украина томони Россия томонига Украинанинг эҳтимолий нейтрал мақоми ва унинг хавфсизлигининг халқаро кафолатлари ҳақидаги халқаро шартнома лойиҳасини топширди. Хусусан, кафолатлар аннексия қилинган Қрим ва Донбасс ҳудудларининг бир қисмига тааллуқли эмаслиги тахмин қилинган эди. Ҳозир Киев бу бандни рад этмоқда, дейди Лавров.

Украина томони Лавровнинг сўнгги баёнотларига ҳозирча муносабат билдиргани йўқ. Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Брюсселга ташриф буюрган ва у ерда НАТО ва «Еттилик» гуруҳидаги ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказган.

XS
SM
MD
LG