Ссылки доступа

Ҳужжатлар: Давлат активлари давлат тепасидагиларга яқин ширкатларга ўтмоқда


Озодлик танишган ҳужжатлар минтақадаги энг йирик заводлардан бири бўлган Ўзбекистон металлургия комбинати ("Ўзметкомбинат" АЖ) активлари ҳокимиятга яқин компанияларга ўтаётганини кўрсатмоқда.

Бу жараëн Шавкат Мирзиëевнинг Ўзбекистондаги каттаю кичик корхоналардаги давлат улушини хусусийлаштириш ҳақида 2021 йил имзолаган фармони асосида амалга оширилмоқда.

Айни пайтда заводнинг фақат биржа орқали бозор нархида сотилиши лозим бозорбоп маҳсулотлари махфий қарор ва келишувлар билан компаниянинг де-факто хўжайинига айланган Бахтиëр Фозиловга тегишли компанияларга арзонга берилмоқда.

Очиқ манбалардаги маълумотлар¸ қолаверса¸ Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар шуни тасдиқлайди.

2022 йилнинг 1 февраль куни Давлат активларини бошқариш агентлиги “Бир қатор давлат кўчмас мулк объектларининг савдо жараёнлари юзасидан ахборот” чиқарди.

Унда хусусан “Мирзо Улуғбек тумани, Шаҳриобод кўчаси, 53-уй манзилдаги бўш турган бино-иншоотлар бўйича савдо” тугагани билдирилди. Хабарга кўра¸ бу иншоот 74,0 миллиард сўм (2022 йил 1 февраль кунги МБ курси бўйича тақрибан 6.9 миллион АҚШ доллари) га сотилган.

Хабарда аниқлама берилмаган бу манзилда "Ўзметкомбинат" АЖнинг Темир сақлаш ва юклаш омбори жойлашган. Унинг умумий майдони 5,8 гектар¸ ҳудуддаги иншоот сатҳи эса 4 351 квадрат метр.

"Ўзметкомбинат"нинг бу омбори Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 2021 йилнинг 18 ноябрь куни олдиндан белгиланган шартлар билан e-auksion.uz порталида савдога қўйилди.

Бу жойга харидор бўлганлардан унинг ҳудудида “маиший хизмат, спорт ва ижтимоий (таълим, соғлиқни сақлаш) хизматлар, кўнгилочар ва дам олиш марказлари, истиқомат мажмуалари ва ўзига хос инфраструктурага эга замонавий комплекс барпо этиш талаб этилди”.

Комбинатнинг бу мулки Шавкат Мирзиëевнинг 2021 йил 30 июль кунги ПФ-6273-сонли фармони билан сотувга қўйилган. Фармонга илова қилинган рўйхатга тушган иншоотлар “давлат активларини хусусийлаштириш амалиётини кенгайтириш ҳамда иқтисодиётга хусусий инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш” мақсадида тўлиқлигича оммавий савдолар орқали сотилиши лозим.

Бу савдонинг очиқ ва шаффоф бўлганини кўрсатувчи¸ хусусан¸ оммавий савдода кимлар қатнашгани¸бошланғич нарх қанча бўлгани¸ харидорларнинг қанча нарх ва қандай лойиҳаларни таклиф қилганига оид бирор маълумот расмий манбаларда йўқ.

Шунингдек¸ "Ўзметкомбинат" мулкининг айнан қайси бошланғич нархда сотувга қўйилганига оид бирор эълон на Давлат активлари агентлиги ва на "Ўзметкомбинат" расмий сайти ëки ижтимоий тармоқлардаги каналида мавжуд эмас. Одатда савдога қўйиладиган давлат объектига оид эълон бу сайт ва каналларда бир эмас¸ бир неча марта қўйилади.

Агентликнинг 1 февраль кунги расмий маълумотида фақат Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарорига асосан “Golden House Development” МЧЖ 74,0 млрд. сўм харид қийматини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилгани айтилди.

Тошкентдаги аксар қурилиш лойиҳаларини махфий қарорлар орқали қўлга киритиб келаëтган Golden House Development МЧЖ 2011 йили ташкил этилган. Компания Mirabad Avenue бренди эгаси ҳам. Golden House Development МЧЖнинг жорий мулкдори ORIENT GROUP MANAGEMENT.

2020 йил баҳорида тузилган бу МЧЖ Orient Group конгломерати таркибига кирувчи 60 га яқин компаниядан бири. ORIENT GROUP MANAGEMENT асосий мулкдорлари ҳам Orient Groupнинг қоғоздаги таъсисчилари бўлган - Пайзуллажон Мирзаев ва Сакен Пўлатовдир.

Orient Group Озодлик суриштирувининг кўрсатишича¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакат суверен жамғармасидан энг катта маблағ олаëтган кўп миллиард долларлик бизнес империясига айланган.

Унинг мулкдорлари орасида Мирзиëевнинг куëви¸ президент хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Отабек Умаровнинг укаси Ойбек Умаров ҳам бор.

Озодлик гаплашган Тошкент ҳукуматига алоқадор манбалар¸ "Ўзметкомбинат"нинг 6 гектарлик ерини 74 миллиард сўмга айнан Мирзиëев куëвига алоқадор компанияга берилишини¸ “куппа-кундуз кунги ўғрилик”ка қиëслади.

Харитадан кўрилишича¸ бу ҳудуд Тошкентнинг чет эл элчихоналари¸ ҳашаматли виллалар¸ хусусан¸ Мирзо Улуғбек тумани солиқ идораси биноси ëнида жойлашган. Озодлик гаплашган тошкентлик мулозим¸ мазкур савдонинг бозор нархларидан ақл бовар қилмас даражада арзонга сотилганини айтади.

Тошкентлик йирик девелопер Мурод Назаров 2021 йил апрелида Кирилл Альтман билан суҳбатда Тошкент марказида бир сотих ернинг нархи 150 минг долларга етганини айтган эди. Демак¸ бозор нархида ҳисобланса¸ 5¸8 гектар ернинг ўзи¸ ундаги улкан бинони инобатга олмаган тақдирда¸ 87 миллион АҚШ доллари ëки 940 миллиард сўмга тенг бўлади. Президентнинг куëвига бу жой бозор нархидан қарийб 13 баравар арзонга - 6.9 миллионга берилди. Очиқ аукцион бўлгани¸ унда қатнашганларнинг қанча нарх таклиф қилганига оид бирор маълумот йўқ. Аукциондаги бошланғич нарх ҳам сир¸ фақат охирги нарх¸ 74 миллиард бор холос”.

Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган мазкур савдо тафсилотидан хабардор Тошкент мулозими¸ мазкур ер учун қиммат нарх таклиф қилган харидорларнинг турли баҳона ва босим остида савдога қўйилмаганини билдирди.

"Бу савдода қатнашган компаниялардан бирининг 216 миллиард сўм таклиф қилганидан хабарим бор. Албатта¸ бу ҳам бозор нархидан бир неча баравар арзон¸ лекин 74 миллиарддан бир неча баравар кўп. Очиқча босимлардан кейин компания ўз таклифини қайтариб олишга мажбур бўлди. Бундан бошқа компаниялар ҳам нисбатан қиммат нарх таклиф қилди. Лекин давлат мулки бозор ва мамлакат қонунларига зид равишда¸ 20 йил олдинги баланс нархида тепадагиларнинг ўзига тегди"¸ дейди Ўзбекистон металлургия комбинати активи сотилиш жараëнидан хабардор мулозим.

Озодлик Тошкент марказидаги давлат мулкининг бозор нархидан бир неча баравар арзонга президент оиласига алоқадор қурилиш компаниясига сотилганига оид саволлар билан Давлат активларини бошқариш агентлигига мурожаат қилди.

Айни пайтда агентлик расмийси¸ савдонинг аукцион орқали ўтказилгани¸ бу аукционда 74 миллиард сўмдан ортиқ баҳо берилмаганини тахмин қилишини билдирди.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар¸ Ўзбекистон металлургия комбинатининг нафақат қимматбаҳо активлари¸ балки у ишлаб чиқараëтган бозорбоп маҳсулотларнинг ҳам айни бошқарув тепасидагиларга оид компанияларга арзонгаровга берилаëтганини кўрсатади.

Шахси очиқланмаслик шарти билан комбинатга яқин мулозимлар тақдим этган ҳужжатлар 2021 йил январидан Ўзбекистон металлургия комбинати бошқаруви норасмий тарзда тақдим этилган Бахтиëр Фозиловга қарашли хусусий компаниялар билан тузилган эксклюзив шартномалардир.

Ўзбекистон металлургия комбинати бош директори Рашид Пирматов 2021 йил 21 сентябрь куни қўл қўйган буйруққа кўра¸ 2021 йил 18 октябрдан бошлаб комбинатда ишлаб чиқарилаëтган иссиқлик ўтказмас материаллари ички истеъмолчиларга фақат товар ва хом-ашë биржаси орқали сотилиши шарт.

Бу маҳсулот турар-жой бинолари ва турли иншоотлар¸ иситиш ва технологик қувурларини изоляция қилиш учун ишлатилади ва каттаю кичик қурилишларнинг кети кўринмаëтган Ўзбекистонда бозори чаққон.

“Пирматов буйруғигача¸ исталган компания "Ўзметкомбинат" билан тўғридан-тўғри шартнома тузиши мумкин эди. Аммо ўтган 18 октябрдан бу тақиқланди. Шунга қарамай¸ 2022 йил бошида яширин келишув билан фақат учта компания иссиқлик ўтказмас материалларнинг энг қиммат ва сифатлисини бозор нархидан анча арзонга сотиб олиш бўйича келишув қилган. Учала компания ҳам Бахтиëр Фозиловнинг шахсий компанияларидир”¸ дейди бу жараëндан бевосита хабардор мулозим.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатлар¸ Ўзбекистон металлургия комбинати ишлаб чиқараëтган иссиқлик ўтказмас материалларни фақат биржа орқали сотиш ҳақидаги Пирматов буйруғининг у қабул қилинганидан уч ой ўтиб-ўтмай бузилганини кўрсатади.

2022 йилнинг январь ва февраль ойларида Пирматов буйруғига имзо чекканлардан бири¸ Пирматовнинг 1-ўринбосари Дилшод Аҳмедов бу маҳсулотни Сингапурда рўйхатга олинган Enter Engineering PTE Ltd ва Самарқанддаги Mironkul Stroy Servis МЧЖга тўғридан-тўғри сотиш ҳақидаги шартномаларга қўл қўйган.

Бахтиëр Фозилов Enter Engineering компаниясининг асосий мулкдори эканини Intellinews мухбири билан суҳбатда ўзи эътироф қилган.

Mironkul Stroy Servis компанияси эса Фозилов ва унинг қариндошлари эгалик қилувчи шу номдаги бизнес тизими таркибига киради. Бу МЧЖ 63.9 фоиз акциясига Бахтиëр Фозилов ва унинг икки жияни эгалик қилади.

Айни пайтда¸ Ўзметкомбинатда махсус имтиëз олган компаниянинг қудратли мижози Фозилов билангина чекланмайди.

Mironkul Stroy Servis МЧЖнинг яна бир мулкдори – 25 фоиз акциялари эгаси SOTHIS RESEARCH МЧЖ. Бу компания акцияларининг 50 фоизи собиқ МХХ раиси Рустам Иноятовнинг ўғли Шариф Рустамович Иноятовдир.

Ўзметкомбинат АЖ Фозиловнинг Enter Engineering компанияси билан 2022 йилнинг 14 ва 23 февраль кунлари иккита келишув имзолаган. Бу келишувларларда комбинат 2022 йил давомида Enter Engineering компаниясига 2400x1140x100 мм катталикдаги 500 тонна иссиқлик ўтказмас плита етказиб беришни зиммасига олади. Келишувда маҳсулотнинг ҳар бир тоннасига 750 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланган.

2022 йилнинг 19 январь куни Mironkul Story Servis МЧЖ билан ҳам айни маҳсулот хариди бўйича келишув тузилган. Унда маҳсулотнинг бир тоннасига 8 000 550 сўм нарх белгиланган. Жами 3000 тонна плита қиймати 24 001 650 000 сўмга баҳоланган.

Озодлик ихтиëридаги ички ҳужжатга кўра¸ Ўзбекистон металлургия комбинатида бир йилда жами 12 000 тонна иссиқлик ўтказмас плита ишлаб чиқарилади.

Фозилов ва Иноятовга қарашли компанияларга махфий келишув ва олдиндан белгиланган арзон нарх билан сотиб бўлинган плиталар "Ўзметкомбинат" йиллик маҳсулотининг қарийб 30 фоизини ташкил этади.

“Ўзбекистондаги ҳамма юридик шахслар "Ўзметкомбинат" АЖ да ишлаб чиқарилаëтган иссиқлик ўтказмас материалларини ФАҚАТ Ўзбекистон Республикаси товар ва хом-ашë биржаси орқали сотиб олади. Бу буйруқ ҳозир ҳам амалда. Биржадаги нарх бозор талабига қараб ўзгаради. Масалан¸ ҳозир қурилиш сезони бошланди ва тоннаси 13 000 000 сўмга чиқади. Лекин Фозиловнинг компаниялари Ўзметкомбинатга бу маҳсулотни йил давомида ўзгармайдиган 8 000 000 сўм атрофида сотиш мажбуриятини юклаб қўйди. Бу ҳужжатларга Фозилов ва Иноятовнинг заводдаги вакили Дилшод Аҳмедов қўл қўйган”¸ дейди жараëндан бевосита хабардор мулозим.

7 апрель куни Озодлик гаплашган "Ўзметкомбинат" маркетинг бўлими мулозими ҳам бу маҳсулот фақат биржа орқали сотилиши¸ тўғридан-тўғри шартнома тузиш ўтган йил охирида тўхтатилганини тасдиқлади.

Озодликнинг биржани айланиб ўтиб¸ завод билан келишилган нархда тўғридан-тўғри шартнома тузиш имтиëзи берилиши мумкинми¸ деган саволига завод ходими бундай истиснони комбинат эмас¸ ҳукумат беришини билдирди.

“Бундай имтиëзни олиш жуда қийин. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори керак. Улар фалон компания давлат аҳамиятига эга фалон объект қуряпти¸ шунга истисно тариқасида материални бевосита ишлаб чиқарувчидан белгиланган нархда олишига рухсат берилсин¸ деб қарор чиқариб бериши керак”¸ деди "Ўзметкомбинат" мулозими.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларда "Ўзметкомбинат"нинг Enter Engineering ва Mironkul Stroy Servis МЧЖ билан тўғридан-тўғри шартнома тузишига Вазирлар Маҳкамасининг бирор қарори асос бўлгани ҳақида маълумот йўқ.

Ўзбекистон бошқарувининг олигархлашиб бораëтгани мавзуидаги Озодлик суриштирувларида айнан ҳокимият тепасидаги шахс ва гуруҳларга яқин компанияларга махфий қарорлар воситасида ниҳоятда катта имтиëзлар бериб келинаëтгани ошкор бўлган эди.

Хусусан¸ бу суриштирувларда Бахтиëр Фозиловга алоқадор деярли барча компаниянинг президент ва Бош вазир қарорлари билан “истисно тариқасида” солиқ¸ бож ва кредит имтиëзлари олиб келаëтгани ўртага чиққан эди.

2021 йилнинг 20 январь куни акцияларининг қарийб 75 фоизи давлатга қарашли Ўзбекистон Металлургия комбинати АЖ бошқарувида ўзгариш бўлди. Ўшанда Озодликка бир-биридан мустақил гапирган Тошкент мулозимлари комбинатнинг махфий келишув билан самарқандлик олигарх Бахтиëр Фозиловнинг Eriell гуруҳига берилганини билдирган эди.

Ўтган бир йил ичида на Тошкент ҳукумати¸ на Eriell ва унинг раҳбари бу хабарга раддия берган эмас.

XS
SM
MD
LG