Мутахассисларнинг таъкидлашича, чақирувчиларни иш ҳақи ва фуқароликни тезда олиш имконияти қизиқтиради. Шу билан бирга, агар улар хизмат қилишдан бош тортсалар, кўпинча фуқароликни олиш сўровига рад жавобини олишлари билан таҳдид қилинади.
Ўшлик 25 ёшли Сардорбек Маматиллаев бир неча ой олдин Россия паспортини олган. У Cabar.asiaга ҳарбий комиссарликка чақирилаётганини айтди:
«Менга қўнғироқ қилиб, ҳарбий комиссияга кел, акс ҳолда фуқароликни олиб қўйишади, дейишди. [...] Менимча, буларнинг барчаси Украина туфайли. Ҳозир турли сайтларда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар талаб этиладиган кўплаб эълонлар пайдо бўлди», — дейди Маматиллаев.
Бу маълумотни Россиядаги бошқа қирғизистонликлар ҳам тасдиқлашмоқда. Баъзилар чақирув қоғозларини олиб, Россия армиясига қўшилишга мажбур бўлишди, бошқалари пул ишлашдан манфаатдор ва шартнома асосида хизмат қилиш ниятида.
«Кўпчилик пул учун [хизматга] боради. Эшитишимча эвазига яхши тўланади ҳам. Бундан ташқари, [аввалроқ] Россия фуқаролигини олганлар ҳам бор. Уларни армияга чақириш талаб этилади. Чунки улар қасамёд қилишган», деди муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокат Дарика Атантаева (аниқ сабабларга кўра исми ўзгартирилган).
Ҳозирча қанча қирғизистонлик Россия армиясида хизмат қилаётгани ва Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашгани маълум эмас. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия армиясида хизмат қилган Қирғизистоннинг икки фуқароси уруш зонасида ҳалок бўлган эди.
2013 йилда «Ҳарбий бурч ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги федерал қонунга ўзгартиришлар киритилди, унга кўра, фуқароликни олгандан сўнг, эркаклар ўз ватанларида хизмат қилган бўлса ҳам, Россия армиясида ҳарбий хизматни ўташлари шарт.
Айни вақтда Қирғизистонда туғилган айрим фуқаролар ўз ихтиёри билан Украинага жанг қилиш учун кетгани ҳақида маълумотлар бор. Адвокатлар таъкидлаганидек, улар фуқароликни зудлик билан олишади.
«Фуқаролик олишни хоҳловчиларга дарҳол буйруқ чиқарилади. Россия томонида жанг қилишга кетган кўнгиллилар бор. Лекин баъзилари чақирув қоғозини олгандан кейин Қирғизистонга жўнаб кетишади, бошқалари эса чақирув олишдан олдин кетишади», — дейди Дарика Атантаева.
Россиядаги муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаол Валентина Чупик ҳам муҳожирлар шошиб Россияни тарк этаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Унга аллақачон армияга чақирув қоғозини олган қирғизистонлик муҳожирлар мурожаат қилишган.
Аввалроқ Жогорку Кенеш депутати Айбек Осмонов парламент минбаридан 600 га яқин қирғизистонлик Россия фуқаролигини олганини, улардан 5 фоизи, эҳтимол, ҳарбий хизматга мажбур эканини айтганди. Бироқ бу баёнот Россия ва Қирғизистон расмий идоралари томонидан ҳам, норасмий манбалар томонидан ҳам тасдиқланмаган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 7 апрель куни Sky News телеканалига берган интервьюсида Украинадаги Россия қуролли кучлари катта йўқотишларга учраганини айтди. У йўқотишлар ҳақида аниқ рақамларни айтмади.
Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, февраль ойидан бери Россия армиясининг йўқотишлари 19 минг кишини ташкил қилган. Россия Мудофаа вазирлиги ўз маълумотларини янгилади ва 25 март ҳолатига кўра, йўқотишлар 1351 кишини ташкил этди, 3825 аскар яраланди, дея хабар қилди. Украина ўз ҳарбийларининг ўлими ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаяпти. Россия Мудофаа вазирлиги март ойи охирида камида 14 минг Украина аскари ҳалок бўлганини даъво қилди. Ҳарбий ҳаракатлар шароитида ҳар икки томон маълумотларини мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ.