Ссылки доступа

Британия разведкаси: Россия қўшинлари Украина шимолидан бутунлай олиб чиқилди


Россия қўшинлари Украина шимолидан Беларус ва Россия ҳудудига тўлиқ олиб чиқилди. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведка маълумотларига асосланиб хабар бермоқда.

Британия Мудофаа вазирлиги, шунингдек, Украина шарқи ва жанубидаги шаҳарларни ўққа тутиш давом этаётганини, рус қўшинлари ўз назорати остида қолган Изюм шаҳридан жанубга янада илгарилаганини маълум қилди.

Украинанинг Суми вилояти (мамлакат шимоли-шарқида) рус қўшинларидан озод қилинди, деди унинг раҳбари Дмитрий Живитский. Шу билан бирга у, вилоят миналанган, хавфли жойлар кўплигидан огоҳлантириб, йўл четлари ва ўрмон йўлларидан фойдаланмасликни, вайрон қилинган ҳарбий техникага яқинлашмасликни сўради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, Украинага бостириб киришдан кейин 1611 нафар тинч аҳоли, жумладан, 131 нафар бола ҳалок бўлган. 2227 киши жароҳатланган.

Қайд этилган тинч аҳоли қурбонларининг аксарияти катта майдондаги қуроллар, жумладан, оғир артиллерия ва кўплаб ракета тизимлари ва ҳаво зарбаларидан фойдаланиш натижасида ҳалок бўлган, дейилади хабарда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъкидлашича, ҳақиқий қурбонлар сони анча юқори, чунки ҳисоботларга фақат тасдиқланган ҳолатлар киритилган ва жанглар бўлиб ўтаётган жойларда маълумотни оператив текширишнинг имкони йўқ.

11 миллиондан ортиқ украиналиклар аллақачон уйларини тарк этган.

XS
SM
MD
LG