Ссылки доступа

Қозоғистонга ун танқислиги хавф солмоқда


Қозоғистондаги тегирмончилар захирада «бир ҳафтадан бир ярим ҳафтагача» етадиган буғдой қолганини, шундан сўнг улар тегирмонларини ёпишга мажбур бўлишларини айтишди. Бу ҳақда Қозоғистон дон қайта ишловчилар иттифоқи хабар бермоқда.

Уюшма маълумотларига кўра, бугун буғдойнинг бир тоннаси 160 минг тенгега (тахминан 360 доллар) қимматлашган. Натижада, бугунги кунга қадар Қўстанай вилоятидаги тегирмонларнинг ярмидан кўпи тўхтаб қолган, Қарағанда вилоятида — тахминан 15 таси (36 тадан), Шимолий Қозоғистон вилояти, Павлодар ва Олмаотада эса мутлақ тўхтаб қолган.

«Биз, тегирмончилар, 2-3 ҳафтадан бери дон сотиб олмаяпмиз, таклифлар йўқ. ...Ун жуда қимматлашишини ёдда тутишимиз керак. Бу муқаррар ўсишдир, чунки хомашё таннархимизнинг 85 фоизини ташкил қилади», — дейди Донни қайта ишловчилар иттифоқи вице-президенти Талгатбек Алихон.

Тегирмончилар Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан буғдой экспортини ёпишни ва Россия ўз донининг экспортини тўлиқ ёпиб қўйганлигини ҳисобга олиб, барча захираларни инвентаризация қилишни талаб қилмоқдалар.

Шу билан бирга, ҳукумат буғдой экспорти учун квоталар билан биргаликда ун экспортини икки ой ичида — 300 минг тоннага чеклаш тўғрисида қарор қабул қилгани донни қайта ишловчилар учун кутилмаган ҳол бўлди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигидаги квоталар қўшни бозорларда ғалла бозорининг икки асосий ўйинчиси – Россия ва Украинанинг келишмовчиликлари туфайли ортиб бораётган талаб фонида ғалла ва уннинг шошилинч экспортига йўл қўймаслик истаги билан изоҳланади.

Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 1 март ҳолатига кўра, Қозоғистонда 5,9 миллион тонна озиқ-овқат буғдойи бор. Аммо тегирмончилар бу маълумотлардан шубҳаланмоқда.

XS
SM
MD
LG