Бу ҳақда Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) яқинда эълон қилинган янги ҳисоботи – «Осиё тараққиёт истиқболи 2022»да айтилган.
ОТБ экспертлари 2022 йилда инфляциянинг (ўтган йили 8 фоизни ташкил этган) 15 фоизга ошишини, шунингдек, тожик муҳожирларининг пул ўтказмалари сезиларли даражада қисқаришини прогноз қилмоқда. Тожикистон расмийлари бу прогнозга қўшилмайди, бироқ айрим экспертлар кўпроқ пессимистик прогнозлар қилмоқда.
Таҳлилчи Парвиз Мулложоновнинг фикрича, бундай прогноз ёқилғи ва импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши, шунингдек, Россия рубли курсининг кескин тушиб кетиши туфайли миллий валюта – сомоний курсига босим билан боғлиқ. Унинг Озоди радиосига берган интервьюсида айтишича, ОТБ Тожикистонда инфляцияни 15 фоиз деб башорат қилган бўлса-да, аслида бу кўрсаткич юқорироқ бўлади.
«ОТБ ўз прогнозларини тайёрлаётганда, эҳтимол, барча омиллар ҳисобга олинмайди. Бу, биринчи навбатда, бензин нархининг ошиши. Иккинчиси, Тожикистонда экин етиштириш учун зарур бўлган ўғитлар. Уларнинг нархи Россияда неча фоизга ошишини ҳали билмаймиз. Қолаверса, бир-икки ойдан кейин Россия рубли ва АҚШ доллари курси нима бўлишини билмаймиз. Бу омилларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, Тожикистондаги иқтисодий вазият ОТБ башорат қилганидан ҳам ёмонроқ бўлишини тахмин қилиш мумкин», — дейди эксперт.
ОТБ иқтисодчиларининг башорат қилишича, кучли иқтисодий тикланишдан сўнг (2020 йилдаги 4,5 фоиздан 2021 йилда 9,2 фоизгача) Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши жорий йилда 2 фоизгача секинлашади. Тожикистон ялпи ички маҳсулоти бу йил 103,9 миллиард сомоний бўлиши прогноз қилинмоқда ва бу маблағнинг 2 фоизи 2 миллиард сомонийдан ортиқни ташкил этади, бу Тожикистон иқтисодиёти учун жуда кўп.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 25 фоизигача тожик меҳнат муҳожирлари, асосан, Россиядан келган пул ўтказмаларидир. Сўнгги йилларда мигрантлар томонидан юборилаётган пул ўтказмалари ҳажми ҳам қисқариб бормоқда. Nuqta.tj таҳлилий маркази асосчиси Наби Юсуповнинг фикрича, Тожикистон мустақилликка эришганидан сўнг ўтган 30 йил давомида турли инқирозларга дуч келди. Унинг сўзларига кўра, Россияга қарши Ғарб санкцияларининг оқибатлари тожикистонликларга ҳам таъсир қилади:
«Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг аксарияти Россияда. 2013 йилдан бери, яъни Россия Украина шарқига бостириб киришидан аввал тожик меҳнат муҳожирларининг ўз ватанларига пул ўтказмалари қисқарган. Ўша йилларда биз муҳожирлардан ҳар йили 4,3 миллиард долларгача даромад олардик, бу Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизига тенг. Ўтган йили бу кўрсаткич 1,5 миллиард долларга тушиб кетди», деб ҳисоблайди эксперт.
Наби Юсупов тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари камайиши сабабини ҳам тожикистонлик оилаларнинг Россияга кўчирилишида кўради. Унга кўра, расмий статистик маълумотларга кўра, ўтган йили ҳар куни 300 нафаргача Тожикистон фуқароси Россия фуқаролигини олган. Бундай вазиятда мигрантлар топган пулнинг асосий қисми Россиянинг ўзида сарфланади. Жорий йил бошидан буён 60 мингдан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожири бу мамлакатда иш йўқлиги ва маошнинг етарли эмаслиги сабабли Россиядан қайтган.
Осиё тараққиёт банки Тожикистондаги энг йирик молиявий донор ҳисобланади. 1998 йилдан бери ОТБ мамлакатга 2,2 миллиард долларга яқин маблағ ажратди, жумладан, 1,6 миллиард доллар грантлар.