Ссылки доступа

Аксилкоррупция агентлиги Раматовлар оиласининг коррупцияга алоқадорлигини ўрганмоқда


Бюджет талонРаматовага тегишли бўлган офшор ширкат аксилкоррупция агентлигида саволлар уйғотди.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг рафиқаси Раъно Раматовага тегишли бўлган офшор ҳудудлардаги компаниялар ва Швейцария банкларида очилган ҳисоб рақамларни ўргана бошлади.

Жорий йил февраль ойида Credit Suisse банкида Раматова хоним номидаги ҳисобда 1 миллион доллардан ортиқ маблағ бўлгани ҳақида маълумот тарқалганди. Р.Раматова “Daryo” нашри билан суҳбатда бу маълумотни рад этиб, ҳеч бир хорижий банкда ўзи ёки унинг оила аъзоларига тегишли ҳисобрақам мавжуд эмаслиги, илгари ҳам бўлмаганини маълум қилганди.

Жорий йил 31 март куни эса “Рост24” нашри “Раматова хоним ортидаги миллиардларга етакловчи бизнес империя ошкор бўлди” сарлавҳали мақола эълон қилди. Унда Коррупция ва уюшган жиноятларни тадқиқ қилиш марказига таянган ҳолда, “Ўзбекистон темир йўллари”дан пул ўзлаштириш учун Р.Раматова номига махсус офшор компания очилгани баён қилинади.

“Коррупция ва уюшган жиноятларни тадқиқ қилиш марказининг кейинги очиқлаган маълумотлари Раматова хонимнинг фамилияси Ўзбекистондаги яширин йирик молиявий ўйинларга аралашганини тасдиқламоқда. Бу сафар тадқиқот маркази тақдим этган ҳужжат ва тафсилотларни шунчаки “фейк” дея инкор қилиш имконсиздек”, деб ёзади “Рост24”.

Эндиликда Очилбой Раматов 10 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг офшор ҳудудлардаги молиявий ўйинларига алоқадорлиги ўрганилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов Ўзбекистон амалдорларининг хорижда ҳисобрақам юритиши қонунан тақиқланиши ҳақида айтган эди.

XS
SM
MD
LG