Ссылки доступа

Ўзбекистон Украинага гуманитар ёрдам юборди


8 апрель куни Ўзбекистондан Украинага 34 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам етиб борган. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият вакили маълум қилди.

Аниқланишича, Ўзбекистондан дори-дармон, якка тартибдаги дори қутилари, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар юборилган.

«Юк самолётда етиб келди, кейин Закарпатияга етказилди. Бу биз ҳарбий ҳолат шароитида қисқа муддатда йўлга қўйган логистика самарадорлигини яна бир бор исботлайди. Гуманитар ёрдам зудлик билан «қайноқ нуқталарга» жўнатилади», дейилади хабарда.

Закарпатська вилоят раҳбари Виктор Микита Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатган ёрдами ва Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенкога мувофиқлаштириш ва самарали гуманитар йўлак учун миннатдорчилик билдирган. «Ишончим комилки, бу алоқалар бизга янада самарали ҳамкорлик қилиш имконини беради», — деган Закарпатська раҳбари.

Аввалроқ Украинанинг Тошкентдаги элчиси Ўзбекистонга 28 тонна инсонпарварлик ёрдами жўнатгани учун миннатдорчилик билдирган эди.

Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 17 март куни Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида «биз Украинага гуманитар ёрдам беришда давом этамиз», деган эди. Шунингдек вазир, «Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик», — деган эди.

XS
SM
MD
LG