Бунга оид таклиф, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёевнинг 11 апрель куни транспорт ва коммунал соҳалардаги лойиҳалар тақдимоти билан танишуви чоғида айтилган.
Водийда умумий халқаро аэропорт қуриш режаси Андижон, Наманган ва Фарғона аэропортлари шаҳарлар ичида жойлашгани ҳамда атрофи бино-иншоотлар билан зич ўралгани сабабли уларни кенгайтириш имконияти чеклангани билан изоҳланган.
Ўзбекистонда аэропортларни 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган. Кечаги тақдимот чоғида мазкур стратегияни 2026 йилгача амалга ошириш дастури муҳокама қилинган.
“Бунда аэропортларни ихтисослаштириш, жумладан, Тошкент аэропортини халқаро хаб, Навоий аэропортини юк ташиш хаби, Самарқанд ва Бухоро аэропортларини туризм хабларига айлантириш кўзда тутилган”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.