Ссылки доступа

Тожикистон-Қирғизистон чегарасида яна отишма содир бўлди


Иллюстративное фото
Иллюстративное фото

Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида содир бўлган отишма натижасида тожик ва қирғиз чегарачилари яраланган.

Можаро 12 апрель куни Сўғд вилояти Ғофуров Бобожон туманининг Хзтеварз ва Боткен вилоятининг Лейлек тумани Борбордуқ қишлоқлари чегарасида рўй берган.

Озоди радиоси манбаларининг хабар беришича, отишма натижасида Хатлон вилояти Дўсти туманида яшовчи 27 ёшли сержант Зоир Саидумаров яраланган. «Унинг ошқозони ва кўкрагида ўқ жароҳатлари бор. Ҳозирда сержант операция қилинмоқда, унинг аҳволи оғир», — дея қўшимча қилди манба.

Қирғизистон чегарачиси ҳам зудлик билан Лейлек ҳудудий касалхонасига етказилиб, операцияга тайёргарлик кўра бошланган. Чегарачининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Тожикистон расмийлари воқеа юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган. Бироқ хабардор манбанинг айтишича, отишма Тожикистон чегарачилар отряди ҳудудни қўриқлаётган вақтда содир бўлган.

Айни вақтда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг Ахборот ва коммуникациялар департаменти воқеа Қирғизистон чегарачилари хизмат қилган ҳудудда содир бўлганини маълум қилди. Қирғизистон томонининг сўзларига кўра, қўшни ҳудудда пайдо бўлган тожик чегарачилари қирғизистонлик ҳарбий хизматчиларни кўриб, «давлат чегарасининг шартли чизиғи томон ҳаракатланишда давом этган».

«Қирғизистон чегарачиларининг тўхташ ва чегара чизиғидан ўз ҳудудига ўтиш тўғрисидаги талабларига тожик чегарачилари эътибор бермай, чегарани кесиб ўтиб, Қирғизистон ҳудудига 20 метр чуқурликда кириб боришди. Тожикистон чегарачиларининг ҳудудга чуқур кириб боришига йўл қўймаслик мақсадида Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати чегара отряди ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узди», — дейилади агентлик хабарида ва «жавоб сифатида Тожикистон чегара қўшинлари томонидан ҳам чегарачилар томон ўт очилгани айтилади.

Қайд этилишича, икки давлат чегара вакиллари ўртасидаги музокаралар натижасида отишма тўхтатилган.

Соат 21:17 атрофида Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг хабарига кўра, отишма яна такрорланган. Агентлик маълумотларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистон чегара вакиллари ўртасидаги музокаралар чоғида воқеа жойига қўшимча куч сифатида етиб келган Тожикистон чегарачилари Қирғизистон чегарачиларига қарата ўт очган. Махсус хизмат маълумотларига кўра, Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳарбий хизматчиси яраланган такрорий отишма тахминан 30 дақиқа давом этган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати 12 апрель куни соат 23:15 да Боткен вилоятининг Боткен туманидаги Радар-1 ҳудудида «Тожикистон томонининг куч ва техник воситалари тўпланганини» қайд этганини маълум қилди.

Чегарадаги отишма Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари Исфаранинг чегарадош қишлоқларида можароларнинг олдини олиш масалаларини муҳокама қилганидан бир неча соат ўтиб содир бўлган. Йиғилишда Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода ва Боткен вилояти раҳбари Абдукарим Алимбоев иштирок этди.

Аввалроқ, март ойи ўрталарида Қирғизистон ва Тожикистон чегара бошқармалари раҳбарлари ўз ҳарбий хизматчиларига қурол ишлатишни тақиқлаган эди.

Икки давлат ўртасидаги чегара узунлиги 970 километр бўлиб, ҳозиргача шундан атиги 519 километри аниқланган. Чегаранинг бошқа участкалари, жумладан, сув ресурслари ва яйловлар баҳсли. Номаълум ҳудудлар отишма ва можароларни келтириб чиқаради.

XS
SM
MD
LG