Ссылки доступа

Бундан буён Россия тожикистонлик меҳнат муҳожирларига пенсия тўлайди


Трудовые мигранты. Архивное фото
Трудовые мигранты. Архивное фото

Тожикистон парламенти депутатлари 13 апрель, чоршанба куни Россия ва Тожикистон ўртасида пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини ратификация қилишди.

Москва ва Душанбе кўп йиллардан буён ушбу келишувнинг баъзи бандлари бўйича келиша олмаяпти.

Тожикистон ва Россия ўртасида тегишли келишув 2021 йил сентябрида имзоланган эди.

Тожикистон Ижтимоий суғурта ва пенсия агентлиги раҳбари Дилмурод Давлатзода чоршанба кунги парламент йиғилишида ҳужжатга мувофиқ, мигрант расман ишлаган ва пенсия жамғармасига пул ўтказган ҳамда кейинчалик ватанига қайтган тақдирда давлат унга пенсия тўлашини айтди.

Унинг сўзларига кўра, фуқароларнинг ижтимоий солиқларни тўлаши ҳар икки давлат учун ҳам мажбурий талаб – яъни пенсия миқдори ижтимоий тўловлар тўланган даромад даражаси ва иш стажига боғлиқ бўлади.

Ҳар йили юз минглаб Тожикистон фуқаролари асосан Россияга иш излаб боради.

Россия томонига кўра, айни пайтда тожикистонлик меҳнат муҳожирлари сони бир миллиондан ошган. Улардан баъзилари имтиёзлардан фойдаланиш учун ушбу мамлакат фуқаролигини олган.

Тожикистон расмийлари ишлаш учун кетган фуқаролар бўйича бошқа статистик маълумотларни тақдим этади. Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги яқинда хориждаги тожик муҳожирлари сони — 387 минг кишини ташкил этганини эълон қилди. Ўтган йили расмийлар Россиядаги меҳнат муҳожирлари сонини ярим миллиондан кам одам деб ҳисоблаган эди. Бу статистика нимага асослангани аниқ эмас.

Халқаро молия ташкилотлари ўтказган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Тожикистондаги ҳар тўртинчи оила меҳнат муҳожирлари уйларига юборган пул жўнатмалари ҳисобидан кун кечиради. Маълумотларга кўра, муҳожирларнинг пул ўтказмалари Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг деярли учдан бир қисмини ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG