Ссылки доступа

Суд Медведчукнинг 154 та мулкини ҳибсга олди


Виктор Медведчук после задержания

Украина суди ҳибсга олинган россияпараст сиёсатчи Виктор Медведчук ва унинг рафиқаси Оксана Марченконинг 154 та кўчар ва кўчмас мулкини ҳибсга олди. Бу ҳақда Украина Давлат тергов бюроси маълум қилди.

Хабар қилинишича, ҳибсга олинган мулклар орасида 26 та автомобиль, 30 та ер участкаси, 23 та уй, 32 та хонадон, 17 та автотураргоҳ ва бир моторли яхта бор. Шунингдек, 25 та компаниянинг устав капиталидаги улушлари ҳам ҳибсга олинган, уларнинг ҳақиқий эгаси Виктор Медведчук ёки унинг рафиқаси ҳисобланади.

Мулкни тортиб олиш ҳақидаги хабар Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин уй қамоғидан қочган Медведчук ҳибсга олингани эълон қилинганидан 2 кун ўтгач пайдо бўлди. Айтилишича, у бир ярим ойдан кўпроқ вақт давомида Киевдаги ижара уйида яширинган.

Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Иван Бакановнинг айтишича, Медведчук Днестр бўйига яширинча ўтмоқчи бўлган, бироқ Украина махсус хизматлари бу режани барбод қилган. Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳукуматига Медведчукни асирга олинган украиналик аскарларга алмаштиришни таклиф қилди.

Медведчук «Ҳаёт учун мухолифат платформаси» партияси етакчиларидан бири. Унинг Владимир Путин билан дўстона муносабатлари маълум, Россия президенти Медведчукнинг қизга чўқинтирган ота ҳисобланди. Унинг ҳибсга олинишини шарҳлар экан, Россия ҳукумати вакиллари гап Украина сиёсати ҳақида кетаётганини ва Россиянинг унга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, Давлат Думаси раҳбари Вячеслав Володин Медведчукнинг тақдири учун президент Зеленский жавобгар эканлигини айтди.

Расмий равишда Медведчук Олий Рада депутати бўлиб қолмоқда. У давлатга хиёнатда айбланган ўтган йилдан бери уй қамоғида сақланмоқда. У ғойиб бўлгач, суд уни сиртдан ҳибсга олишга қарор қилди. Медведчукнинг хорижда бўлган рафиқаси Оксана Марченко Зеленскийга мурожаат қилиб, «мухолифат етакчиси бўлган эрини зудлик билан озод этишни» сўради.

XS
SM
MD
LG