Ссылки доступа

Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раиси Карим Масимовни ҳибсда сақлаш муддати 6 майга қадар узайтирилди


Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раиси Карим Масимовни ҳибсда сақлаш муддати 6 майга қадар узайтирилди, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

Шунингдек, агентлик маълумотларига кўра, Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раисининг собиқ ўринбосарлари Ануар Садиқулов ва Даулет Ергожин мос равишда 6 ва 8 майга қадар ҳибсда бўлади.

Қозоғистоннинг икки марта собиқ бош вазири бўлган 56 ёшли Масимов «давлатга хиёнат»да гумонланиб, ҳибсга олинди. Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг 6 январь куни ишдан бўшатилган собиқ раисининг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумот қонли январь воқеаларидан икки кун ўтиб расмийлар томонидан эълон қилинди.

Карим Масимов узоқ йиллар собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг «ишончли одами» бўлган. Маълум қилинишича, жиноят иши «Ўта махфий» моддаси бўйича қўзғатилган. Кейинроқ унга «ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш» ва «ҳокимиятни суиистеъмол қилиш»га қаратилган ҳаракатларда айблангани маълум бўлди. Масимов билан бирга унинг икки ўринбосари ҳибсга олинган. Собиқ президент Назарбоевнинг жияни, узоқ муддат давомида МХҚ раисининг биринчи ўринбосари бўлган Самат Абиш «таътилга чиққан», кейин эса «ўз лавозимидан озод қилинган».

Шу ҳафтада МХҚнинг собиқ раҳбари Карим Масимовни қўллаб-қувватлаш мақсадида очилган онлайн ресурс собиқ амалдорнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида ёзди.

Ўтган ой МХҚ Масимов ёпиқ шартномалардан бири бўйича хорижий давлат вакилларидан икки миллион доллар олганликда гумон қилинаётганини маълум қилганди. МХҚ тарқатган маълумотларга кўра, иш Масимов бош вазир бўлиб ишлаган чоғида тадбиркорлик субъектларидан биридан «элита меҳмон уйи ва пойтахтдан қиймати қарийб 2,5 миллиард тенгега эга бўлган ер участкасини олгани» юзасидан тергов қилинмоқда.

МХҚ 15 та давлатга хиёнат, ҳокимиятни эгаллашга уриниш ва айниқса катта ҳажмдаги пора олиш бўйича, жумладан Масимов ва унинг уч собиқ ўринбосарининг ишини тергов қилмоқда. Ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланаётган яна икки МХҚ раҳбари жиноий жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари, Бош прокуратура январь воқеалари чоғида МХХнинг учта бошқармаси ва иккита ички ишлар бўлими раҳбарлари ўз биноларини тарк этгани, улар қўлга олингани ҳақида хабар берди.

XS
SM
MD
LG