Тақиқ гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ва массаж муассасаларига тегишли. Депиляцияни ўз ичига олган деярли барча турдаги хизматлар тақиқ остида қолди.
Манбалар ва мухбирларга кўра, энди фақат сартарошларга соч олишгагина рухсат берилган. Сочни бўяш тақиқланади.
Аввалроқ нашримиз маҳаллий гўзаллик салонларида ботокс ва татуировка тақиқлангани ҳақида хабар берганди. Салон эгалари катта миқдорда жарима солиниши ва тақиқни бузган тақдирда 15 суткага қамоққа олиниши ҳақида огоҳлантирилган.
Айни пайтда Туркманистон пойтахтида гўзаллик салонлари оммавий равишда ёпиляпти. Манбаларга кўра, ҳатто энг йирик тўй салонлари ҳам ёпилган. Бундан ташқари, мамлакат яна кийиниш қоидаларини кучайтирди.
Илгари Туркманистон аҳолиси 2018 йил апрель ойида соч бўяш, маникюр ва бўяниш тақиқланишига дуч келган эди. Кейин давлат муассасалари ходимлари сочларни бўяш, бўяниш ва ёрқин маникюрдан воз кечишни талаб қила бошладилар. Шунингдек, аёллар кийими узун бўлиши, полга тегиб туриши ва танага сиқилмаслиги кераклиги маълум қилинган. Полиция аёлларни кўчада тўхтатиб, сўроққа тутган ва жаримага тортган.
Муайян кийиниш қоидаларига риоя қилиш ўнлаб йиллар давомида давлат хизматчилари, талабалар ва ўрта мактаб ўқувчилари учун мажбурий бўлиб келган.
Туркманистон ҳукумати фуқароларнинг ташқи кўринишига қўйиладиган талаблар ҳақида расман изоҳ бермайди, улар одатда оғзаки буйруқ асосида киритилади.