Муҳаммадюсуф Исмоилов 2013 йилда товламачиликда айбланиб 11 йилга озодликдан маҳрум этилган, гарчи у ўз айбига иқрор бўлмаган ва бошиданоқ ҳибсга олинишини Сўғд вилоятининг Ашт туманида танқидий мақолалар чоп этгани ва камчиликларни фош қилгани учун «ҳокимиятнинг қасоси» деб атаган эди.
У жами 8 йилу 10 ойни қаттиқ режимдаги колонияда ўтказди. Бу вақт ичида Тожикистонда амнистия тўғрисидаги учта қонун қабул қилинди, унга кўра унинг қамоқ муддати қисқартирилди ва озодликка чиққанидан кейин уч йил давомида журналист сифатида ишлашга рухсат берилмайди.
Муҳаммадюсуф Исмоилов Озоди радиоси билан суҳбатда уни қўллаб-қувватлагани учун журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан миннатдор эканини айтди.
Бу журналист Муҳаммадюсуф Исмоиловнинг иккинчи марта қамоққа олинишидир. У илк бор 2011 йилда «Ашт харобага айланади» сарлавҳали танқидий мақоласи учун «туҳмат, ҳақорат, товламачилик ва маҳаллийчилик»да айбланиб, 11 ой ҳибсда сақланган.
Журналист оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатлари билан озодликка чиқарилган, бироқ орадан икки йил ўтиб, 2013 йилнинг 24 июнида «товламачилик»да айбланиб, яна ҳибсга олинган. Тергов маълумотларига кўра, тожикистонлик журналист аёлни сукут сақлагани учун пул тўламаса, у ҳақдаги махфий маълумотларни ошкор қилиш билан таҳдид қилган.
Расмийларнинг хабар беришича, Муҳаммадюсуф Исмоилов 2013 йилда бир аёлдан 400 сомоний олаётган вақтда ҳибсга олинган. Суд уни 11 йилга озодликдан маҳрум қилди.