Ссылки доступа

Собянин: Хорижий компанияларнинг кетиши сабабли 200 минггача Москва аҳолиси ишсиз қолиши мумкин


Москва мери Сергей Собянин хорижий компанияларнинг Россия бозоридан чиқиб кетиши туфайли пойтахтнинг 200 мингга яқин аҳолиси ишсиз қолиши мумкинлигини айтди.

Собянин ишсиз қолган ёки ишдан бўшатиш хавфи остида қолган ходимларни қўллаб-қувватлаш дастурини тасдиқлаганини маълум қилди. Бунинг учун уч миллиард рублдан ортиқ маблағ ажратилди. Шаҳар ҳокимияти, биринчи навбатда, Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши сабабли ишини тўхтатган ёки Россия бозорини тарк этган хорижий компаниялар ходимларига ёрдам бермоқчи.

Собянин москваликлар учун вақтинчалик иш сифатида улар архивларни комплектлаш, жиҳозларни таъмирлаш, шунингдек, жамоат ишлари ва «шунга ўхшаш тадбирлар» билан шуғулланишни таклиф қилмоқда.

«Фойдали иш қилиш ва янги кўникмаларга эга бўлиш имкониятини «Менинг ҳужжатларим» давлат хизматлари марказлари, «Соғлом Москва» ёзги павильонлари, боғлар ва бошқа шаҳар ташкилотлари тақдим этади», — дейилади пойтахт мери ўз блогида. Расмийлар қарийб 12,5 минг киши қайта тайёрлашни, яна 39 минг нафари вақтинчалик ёки жамоат ишларига жалб этилишини кутмоқда.

24 февраль куни Россия қўшинлари Россия президенти Владимир Путиннинг буйруғи билан Украина ҳудудига кирди. У ҳарбий амалиёт мақсадларини Украинани “денацификация” ва «демилитаризация» қилиш деб атади, бироқ айнан нимани назарда тутганига аниқлик киритмади. Уруш туфайли АҚШ ва Ғарб давлатлари Москвага нисбатан қатъий санкциялар киритди, бу нафақат сиёсатчилар ва амалдорлар, балки оддий фуқароларга ҳам таъсир қилди. Юзлаб корпорациялар ва брендлар Россияда ўз фаолиятини тўхтатганини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG